Туркияда бир неча минглаб инсонларнинг ҳаётига зомин бўлган зилзилалар юз бермоқда. Табиий офат туфайли Президент Режеп Таййип Эрдоған Туркияда етти кунлик миллий мотам эълон қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан телефон орқали мулоқот қилиб, Туркиянинг жануби-шарқий вилоятларида рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талафотлар келиб чиққани юзасидан чуқур ҳамдардлик изҳор этди.
Икки мамлакат давлат раҳбарлари табиий офат оқибатларини бартараф этиш мақсадида амалий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди. Мазкур мулоқотдан сўнг Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига кўра, Туркияда рўй берган кучли зилзиладан жабр кўрганларга гуманитар ёрдам кўрсатиш ҳамда табиий офат оқибатларини бартараф қилишда иштирок этиш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бир гуруҳ қутқарувчилари юборилди.
Бугун Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Туркиянинг Самарқанддаги бош консулхонасига ташриф буюрди.
Рустам Холмуродовга “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори, профессор, таниқли турколог олим Жўлибой Элтазаров ҳамроҳлик қилди.
Бош консул Салиҳ Жанер билан мулоқотда, қардош Туркия халқига, табиий офат сабаб вафот этган ва жабр кўрганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирилди.
Ўзбекистон халқи Туркия халқи билан бирга.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.