Бу кўрсаткич инсоннинг нафақат тириклигини таъминловчи метаболик энергияни, балки унинг барча замонавий эҳтиёжлари: алоқа, электр ва иссиқлик энергияси, транспорт кабиларни ўз ичига олади. Жаҳон мамлакатлари миқёсида фуқароларнинг бундай талабларини узилишларсиз қондириш учун албатта катта миқдордаги энергия зарур бўлади.
Аҳолиси сони 10 миллион атрофида бўлган Швеция қироллигида йилига ўртача 169,9 ТВт соат (терават-соат) электр энергияси ишлаб чиқарилса, аҳолиси 36 миллиондан зиёд бўлган мамлакатимизда 70,01 ТВт соат, яъни 2,4 марта кам электр энергияси ишлаб чиқарилади. Киши бошига тўғри келадиган электр энергия миқдорини солиштириш учун жаҳонда яшаш тарзи бўйича энг юқори ўринларда турадиган Швеция қироллигида бу кўрсатгич ўртача 13 480 кВт соатни, мамлакатимизда эса 1645 кВт соат (8 марта кам)ни ташкил қилади. Демак, мамлакатнинг ёки жамиятнинг ривожланиш даражаси қанча юқори бўлса, шунча кўп электр энергияси истеъмол қилинади.
Ўзбекистон иқтисодининг катта суратлар билан ривожланиши, янги завод ва фабрикаларнинг қурилиши ҳамда ишга туширилиши, транспорт ва инфраструктуралардаги ўзгаришлар, аҳоли сонининг катта тезлик билан ўсиши мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талабнинг кескин ортишига олиб келмоқда.
Мавжуд электр энергияси манбаларининг қуввати бу талабларни қондиришга етарли бўлмагани шу йилги қишда яққол сезилди. Ҳозирги пайтда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси асосан иссиқликдан (85 фоиз) ва гидроэлектростанцияларидан (13 фоиз) олинади. Муқобил энергиялардан олинадиган энергиянинг миқдори турли манбалардан олинган маълумотларга асосан 1,5-2 фоизни ташкил қилади. Мамлакатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракатлари билан маънан эскирган энергия ишлаб чиқарувчи қурилмалар самарадорлиги юқори бўлганлари билан алмаштирилди, ички имкониятлардан фойдаланиб янги қувватлар олиш йўлга қўйилмоқда. Шунга қарамасдан бугунги кун ривожланиш даражасини электр энергияси билан таъминлаш масаласи қийин кечмоқда. Бунга сабаб табиий углеводород манбалари захираларининг камайиб бориши, мамлакатимизда катта дарёларнинг йўқлиги ва денгиз ҳамда океанлардан узоқлиги бўлиб, бу омиллар иссиқлик ва гидроэлектростанциялар қувватини оширишни чеклайди.
Бу масалаларни ҳал қилиш учун мамлакатимизда кўпгина ижобий ишлар амалга оширилмоқда. Хорижлик ҳамкорлар ҳисобига республикамизнинг Самарқанд, Навоий, Сурхандарё, Бухоро, Наманган вилоятларида давлат-хусусий шерикчилиги асосида Қуёш ва шамол электр станциялари қурилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизни электр энергияси билан таъминлаш масаласи бўйича ўтказилган учрашувлардан бирида Жиззах политехника институтининг профессори Урушбой Йўлдошев Жиззах шаҳрида кремний асосидаги қуёш элементларини (ҚЭ) ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни илгари сурди ва бу таклиф Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланди.
Президентимизнинг давлат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжларининг 30 фоизини муқобил энергия манбаларидан қоплаш тўрисидаги қарори эълон қилинди ва 2030 йилга бориб мамлакат эҳтиёжлари учун керак бўлган электр энергиясининг 25 фоизини муқобил энергия манбалари ҳисобидан қоплаш масаласи илгари сурилди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети ҳам бинолари устига қиймати 15 миллиард сўмлик Қуёш панелларини тезлик билан ўрнатишни режалаштирган. Бу албатта, СамДУ да муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича қўйилган дадил қадамдир.
Бизнинг назаримизда, ушбу соҳадаги муаммога катта эътибор қаратилаётганлиги ўта жиддий, зарур ва қувонарли ҳол. Шу ўринда айрим таклиф ва мулоҳазаларимни билдирмоқчиман:
Яқин истиқболда қуёш панелларини бинолар томи устига ўрнатиш ҳақиқатдан ҳам долзарб масала. Бунинг ечими сифатида хориждан қуёш панеллари сотиб олиниб мамлакатимизда йиғилса, харажатларнинг бироз камайишига олиб келади.
Узоқ истиқболда қуёш панелларини ўзимизда ишлаб чиқариш кун тартибига қўйилиши керак. Ҳозирги кунда қуёш панелларини ишлаб чиқариш технологияларининг топ 10 талигига кирувчи технологиялар билан танишиб, мамлакатимиз учун энг қулай бўлганини танлаб, шу соҳада илмий-тадқиқот ҳамда конструкторлик изланишларини зудлик билан бошлаш лозим.
Монокристаллик кремний асосидаги қуёш панеллари энг кўп тарқалган бўлишига қарамай, уларда таннархининг қимматлиги, элементларнинг мўртлиги, температурага чидамсизлиги каби камчиликлари ҳам бор. Ҳозирги пайтда бу камчиликлардан ҳоли бўлган Топ 10 талик технологияларга кирадиган бир қанча янги технологиялар мавжуд. Масалан, кремний асосидаги гетероўтишли қуёш панелларини ишлаб чиқариш мумкин. Бироқ бу соҳада республикамиздаги бирор бир илмий текишириш институти ёки олий ўқув юртларида илмий тадқиқот ҳамда конструкторлик ишлари олиб борилмайди.
Нафақат мамлакатимизда балки, бутун дунёда яна бир долзарб муаммо, электр ва иссиқлик энергиясини тежаш масаласи бўлиб, бу соҳада ҳам қилиниши керак бўлган ишлар мавжуд. Ёритишга мўлжалланган электр энергиясини тежайдиган ва ўзимизда ишлаб чиқариладиган ёритгичлар билан алмаштириш жуда муҳим. Ақлли уйлар технологияларини қўллаш, шу билан бирга, архитектурлар диққатини қишлоқ шароитида яшаётган аҳоли учун энергия тежайдиган уйларни лойиҳалаш ва уларни маҳаллий хомашёлар ҳисобидан қуриш технологияларини яратишга алоҳида эътибор қаратилса айни муддао бўлар эди.
Агар юқоридаги технологияларни ўзлаштиришга ва алмаштиришга киришилса, бу соҳада катта ютуқларга эришишимиз ҳамда мамлакатимизда кўп миқдордаги электр энергиясини тежаш имконияти пайдо бўлади...
Эшқувват АРЗИҚУЛОВ,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети профессори.
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети профессори.