Самарқанд давлат университетида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ташаббуси билан “Ёш китобхон” танловининг республика босқичида иштирок этиб, вилоят шарафини ҳимоя қилган китобхонлар ва мутлақ ғолибликни қўлга киритган Самарқанд давлат университети талабаси Марҳабо Маҳкамтошевани тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очиб, ғолибни самимий табриклади.
-Жаҳон цивилизациясининг қадимий ўчоқларидан бири, ер юзининг сайқали номини олган қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ва илмий-маданий марказларидан ҳисобланади, - дейди СамДУ ректори Рустам Холмуродов, - Қадимдан дунё аҳлини ўзига ром этган Самарқанга қанчадан-қанча алломалар, зиёли инсонларни етиштириб берган, узоқ йиллик тарихга эга Самарқанд давлат университетида бугун ҳам эртамиз эгалари бўлмиш баркамол авлод камол топмоқда. Айниқса, университетнинг филология факультети адабиёт ва китобхонлик майдонида ўзининг юксак ўрнига эга. Сўнгги вақтларда муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан юксак салоҳиятли ва билимли ёшлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга катта аҳамият берилмоқда. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови ушбу ташаббуснинг ўзига хос амалий ифодаси ҳисобланади. Айниқса кейинги йилларда тобора оммалашиб бораётган мазкур танлов сабаб ёшлар ўртасида китобга, китобхонликка бўлган қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Қувонарли тарафи шундаки, танловнинг 15-19 ёш тоифаси бўйича республика босқичида университетимиз талабаси Марҳабо Маҳкамтошева вилоятимиз, шу билан биргаликда Самарқанд давлат университети шаънини муносиб ҳимоя қилиб, мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Президент совғаси “Спарк” автомобили билан тақдирланди.
– Ёш китобхон танлови бу маърифат майдони, юксак билим эгалари учун ўзига хос синов десак муболаға бўлмайди, - дейди Самарқанд давлат университети филология факультети талабаси Марҳабо Маҳкамтошева, - Мазкур танловнинг финал босқичида иштирок этиш, республика минбарида Самарқанд вилояти номи тилга олинганда ўз исм-шарифимни эшитиш йиллар давомида мен учун орзу бўлиб келган. Бугун ушбу орзуим ушалди. Тинимсиз қилган меҳнат ва ҳаракатларим, жонкуяр устозларимнинг қўллаб-қувватлашлари билан мақсадимга эришдим. Бунинг учун доим ёнимда бўлган, мени ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаган устозларимга, СамДУ филология факультети декани, филология фанлари доктори, профессор Азамат Пардаевга, илмий раҳбарим филология фанлари доктори Азмиддин Носировга ўзимнинг самимий миннатдорлигимни билдираман. Бугунги тақдирлаш маросими мен учун жуда ўзгача бўлди. Эътибор билан ташриф буюриб, қувончимизга шерик бўлган барчадан миннатдорман. Шундай тантанали маросимни ташкил қилган Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамда Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовга ўзимнинг самимий ташаккуримни айтаман.
Бугунги замонда инсонларнинг маданияти китобга бўлган қизиқиш ва китобхонлик даражаси билан ўлчанади. Китобхонлар ўртасида тобора оммалашиб бораётган “Ёш китобхон” танлови танлови миллионлаб ёшларни китобга бўлган меҳр тамойили асосида эзгу мақсадлар сари бирлаштириб келмоқда.
Ирода БЕКМУРОДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.