Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқини тинглаб, кўнглимдан шундай фикрлар ўтди...
Ўзбек халқи, ҳеч қачон, бошига кулфат тушган қардошини, дўстини, қўшнисини ёлғизлатиб қўймаган. Дардини ўз дарди, қайғусини ўз қайғуси, деб билган. Шунинг учун ҳам ўзбекка бағрикенг, меҳмондўст, қалби дарё, меҳр-оқибатли...таърифлари берилган.
Бу қадрият, бу ҳақиқат 2023 йил 6 февраль куни дунё ҳамжамияти кўз ўнгида яна бир бор намоён бўлди.
Туркияда юз берган даҳшатли зилзила бутун Ўзбекистонни, ўзбек халқини оёққа турғизди. Етти ёшдан етмиш ёшгача, ҳамма турк қардошларимизга ёрдам бериш учун бирлашди.
Туркияда содир бўлган зилзила халқларимиз ўртасидаги дўстликни яна бир бор синовдан ўтказганини алоҳида таъкидлашни истайман. Нафақат Ўзбекистон балки, бутун Турк дунёси ларзага келди. Айниқса, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган мамлакатлар бирдамлиги яққол кўзга ташланди.
Саммитдаги нутқида Президент Шавкат Мирзиёев ҳар йили 6 февраль санасини Туркий далатлар ташкилоти доирасида “Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни” деб эълон қилишни таклиф этди. Мазкур таклиф замирида ҳам инсонпарварликнинг энг олий намунаси мужассамлашган. Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу фикри ташкилотга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Нафақат хотира, балки бирдамлик туйғусининг бугунги дунёга нақадар зарурлигини, кераклигини ҳаётнинг ўзи ҳам кўрсатмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Туркиядаги зилзила марказларидан бири бўлган, қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига Ўзбекистон томони муносиб ҳисса қўшишини саммитдаги нутқида маълум қилди.
Саммитда Ўзбекистон барпо этадиган иншоотлар, келгусида халқларимиз яқин дўстлик ва бирдамлигининг тимсолига айланиши алоҳида таъкидланди.
Ҳа, бугунги Ўзбекистон ўз дўстлари, ҳамкорлари, ҳамфикрларини амалда ҳам қўллаб-қувватлаш имкониятига, қудратига эга эканлигини мазкур саммит яна бир марта исботлади.
Биз дўстларимизга моддий ва маънавий жиҳатдан кўмак беришга тайёрмиз.
Президентимиз талафот кўрган ҳудудлардаги ёши улуғ инсонларни дам олиш, даволаниш ва зиёрат қилиш учун Ўзбекистонга таклиф этди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилиши айтилди.
Ушбу ёз мавсумида Ҳатай ёшларининг Ўзбекистонга ташрифи ташкил этилади. Улар учун Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларига сайёҳатлар уюштирилади. Биз ҳам Туркиялик ёшларни Самарқанд давлат университетида кутиб қоламиз.
Қардошларимизга кўрсатиладиган ушбу эътибор зилзила туфайли яқинларини йўқотганларга, бошпанасидан айрилганларга руҳий қувват бўлишига, зилзила даҳшатларини тезроқ унутишларига кўмак беришига ишонаман.
Президентимиз нутқини чуқур қониқиш билан эшитдим. Менинг назаримда давлатимиз раҳбари мазкур нутқи билан бутун Ўзбекистон халқининг қардошларимизга бўлган чексиз меҳрини, муҳаббатини ифода этди.
Саммит Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрни ва сўзи борлигини яна бир марта кўрсатди...
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.