Бугун ўзбек олимлари қандай янги тадқиқотлар устида изланишлар олиб бораётгани ва улардан кутилаётган натижалар хусусида Ўзбекистон фанлар академияси Ядро физика институти директори, техника фанлари доктори, профессор Илҳом Содиқов билан суҳбатлашдик.
— Суҳбатимизни институт олимлари томонидан энг охирги олиб борилган илмий изланишлар ва уларнинг долзарблиги хусусидаги фикрларингиз билан бошласак?
— Ҳозирги кунда институтда 14 та илмий лаборатория ва бўлимлар фаолият кўрсатяпти. Охирги йилларда ҳам фундаментал, ҳам амалий йўналишлар бўйича бир қанча тадқиқотлар олиб борилди.
Энг яхши натижаларимиздан бири 2022 йилнинг июнь ойида рўйхатдан ўтказилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилган янги радиофармацевтик векторли терапия воситасини мисол келтириш мумкин. Бу препарат саратон касаллигини даволашда ниҳоятда самарадор бўлган янги дори воситаси ҳисобланади.
Бу дори воситасининг битта дозаси ҳозирги кунда АҚШда 70 минг доллар, Европа мамлакатларида 25 минг доллар атрофида сотиляпти. Бизнинг институтимиз ушбу дорини республикамиздаги 3 та онкологик клиникаларга 1,5 АҚШ доллари нарх билан етказиб беришни йўлга қўйди.
— Бу дори воситаси асли ким томонидан ишлаб чиқарилган?
— Бу дори 2018 йилдан бошлаб бир нечта чет давлатларда, ҳар бири ўзлари яратган технология бўйича ишлаб чиқарилиб, тиббиётда қўлланилиб келинмоқда. Биз ўзимизда яратилган янги технология бўйича мазкур дорини ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда биз ишлаб чиқараётган “литеций-177” номли изотопимиз дунёдаги бошқа ишлаб чиқарувчилар маҳсулотидан 10 баробар тоза ҳамда юқори сифатли радиоизотоп ҳисобланади.
Оддий қилиб айтганда дунёда бор дори воситасини такомиллаштириб, ўзимиз яратган технология бўйича унга нисбатан сифатли ва арзон маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.
Бизнинг маҳсулот Америка Қўшма Штатлари, Германия, Россиядаги маҳсулотларга нисбатан 10 баробар тоза бўлиши билан бирга, 15-50 мартагача арзон.
— Таркиби нималардан иборат?
— Таркиби “лютеций-177” радиоизотопи ва унга бириктирилган простата специфик мембранали “антиген-617” деган оқсил моддасидан иборат. Ушбу оқсил моддаси “лютеций-177” радиоизотопини организмнинг саратон метастазалари бўлган жойларига етказиб берувчи транспорт воситаси вазифасини бажаради. “Лютеций-177” радиоактив изотопи саратон ўсмалари ичига кириб, ўзининг радиоактив нурлари билан ўсмаларни куйдиради. Бу нурларнинг ўтиш масофаси 1-2 миллиметрни ташкил қилгани сабабли улар ўсмани ичидан емириб, атрофидаги соғлом тўқималарга зарарли таъсир кўрсатмайди. Бу билан ўсмаларни операциясиз даволаш имкони туғилади.
Суратда,- бутун танаси рак метастазалари билан қопланган 4 та бемор (чап томонда) ва лютеций-177 ПСМА-617 препарати билан 2-3 ой мобайнида даволангандан сўнг (ўнг томонда).
— Ушбу янги препаратдан фойдаланилгандан сўнгги натижалар қандай бўляпти?
— Ҳозирги кунда бу дори 4-босқичдаги рак касаллигининг 97-99 фоизгача тузалишини таъминлаяпти. Жаҳондаги тиббиётчилар революцион дорилар қаторига кирувчи бу препаратга “фантастик натижа”, деб баҳо беришяпти.
Бу дори воситаси институтнинг шўъба корхонаси бўлган “Радиопрепарат” давлат корхонаси ва Радиокимё илмий лабораторияси олимлари томонидан олиб борилган тадқиқотлар маҳсули ҳисобланади.
— Балки бошқа давлатларда бизникидан ҳам арзонроқ нархдагиси бордир?
— Ҳозирги кунда биз АҚШдагига нисбатан 55 марта, Европа давлатларига нибатан 15 марта ва дунёдаги энг арзон ҳисобланган Исроил давлатидагига нисбатан 9-10 марта арзон нархда ишлаб чиқараяпмиз. Ўйлайманки, яқин келажакда ҳеч бир давлат биздан арзон нархда ишлаб чиқара олмайди.
Ҳозир биз республикамиздаги 3 та клиникага ушбу дорининг бир неча юз дозасини етказиб бериш имкониятига эгамиз. Маълумотларга кўра бир йилда республикамизнинг 10 мингга яқин аҳолиси саратондан даволаниш учун хорижга чиқмоқда. Эндиликда бундай беморлар чет элдагига нисбатан бир неча маротаба арзон даволаниш имкониятига эга бўлди.
— Экспортга ҳам чиқариляптими?
— Айнан шу восита, фойдаланиш муддати бир неча кун бўлганлиги сабабли, ҳозирча фақат ички бозоргагина чиқариляпти. Умуман олганда, биз ҳозирги кунда 60дан ортиқ радиофармацевтик маҳсулотлар ишлаб чиқарамиз, баъзи маҳсулотларимиз жаҳон бозорида жуда юқори баҳоланади.
Масалан, “Йод-125” радиоизотопининг бутун жаҳон бўйича ишлаб чиқарилаётган миқдорининг 80 фоизи, “Фосфор-32”, “Фосфор-33” изотопининг 60 фоизи бизнинг корхонамизда ишлаб чиқарилади.
Корхона томонидан умумий ишлаб чиқараётган маҳсулотларимизнинг 95 фоиз қисми экспорт қилинади. Фақатгина 5 фоизга яқини ички бозорда сотилади. Умид қиламизки яқин келажакда республикамиз клиникаларида ҳам биз ишлаб чиқараётган маҳсулотлардан тўлиқ фойдаланиш имкони яратилади ва ўз маҳсулотимизни асосан Ватанимиз аҳолисининг соғлигини сақлаш учун йўналтирамиз.
Нигора Раҳмонова, ЎзА.