ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚИТУВЧИНИНГ МАҚОМИ ЮКСАК БЎЛАДИ...

ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚИТУВЧИНИНГ МАҚОМИ ЮКСАК БЎЛАДИ...
Шогирд агар шайхулислом, агар қозидур,
Агар устод андин розидур - Тенгри розидур.

Алишер Навоий


Жамиятимизда ўта масъулиятли касблар жуда кўп. Улар орасида кўпроқ меҳнат ва фидойилик талаб этадигани ўқитувчиликдир. Зеро, ҳар бир касб эгаси муаллим орқали ўз йўлини топади. Инсон йўқки, устоз-муаллим сабоғисиз камолга эришган бўлса! Шунинг учун бўлса керак, халқимиз азал-азалдан ўқитувчи-педагогларни қадрлаб келади.

Президентимиз томонидан куни кеча педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарликни кучайтиришни кўзда тутувчи қонун имзоланди. Ўқитувчилик касбининг мақомини юксалтиришга қаратилган ушбу қонун нафақат шу соҳада фаолият юритадиган одамларни, балки фарзандлари тақдирига, қолаверса ўз юрти келажагига бефарқ бўлмаган ҳамюртларимизни ҳам қувонтирди. Кенг жамоатчилик, халқимиз ушбу қонун бежизга қабул қилинмаганлигини, бунинг замирида давлатимиз истиқболи, мамлакатимизнинг дунёдаги нуфузи масаласи турганлигини жуда яхши ҳис қилиб турибди.

Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда педагогларнинг мамлакат суянчи ва таянчи бўлган ёш авлодга илм-фан, маънавият зиёсини улашиш, миллатни маърифатли қилишдай улуғвор ва буюк меҳнатлари ўз қадрини топа бошлади. Бунга бирданига эришилгани йўқ. Яқин-яқингача аввалги даврлардан мерос қолган мажбурий меҳнат авжига чиққан эди. Ўқитувчилару ўқувчилар пахта йиғим-теримига ва бошқа мавсумий ишларга, айрим ҳолларда, ҳатто, кўча супуришгача жалб қилинар, бундай тутум натижасида таълим соҳаси жар ёқасига келиб қолган эди.

ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚИТУВЧИНИНГ МАҚОМИ ЮКСАК БЎЛАДИ...
Хайриятки, Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувини ўз қўлига олганидан кейин юртимизда ўқитувчиларнинг жамиятдаги обрўсини тиклаш учун расмана ҳаракатлар бошланди. Эсимда, Президент сифатидаги фаолиятининг илк йилларида мактаб ва таълим ҳақида сўзлар экан, “илгари ўқитувчи келаётган бўлса, бошқалар ҳурмати учун четга ўтиб турган”лигини таъкидлаган, аввало, жамиятнинг қараши муаллимга нисбатан эзгу бўлиши кераклигини уқтирган эди. Ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлаш мамлакат таълим тизимида ижобий ўзгаришларга, бутун жамият тараққиёт даражасининг ошишига олиб келишини чуқур англаганлиги давлатимиз раҳбарини ушбу ҳаракатларга ундаганлиги рост. Ана шу оддий ҳақиқат тушуниб етилганлиги боис, кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Келинг, бундай эзгу мақсадли ғамхўрлик қандай ўзгаришларга олиб келиши ҳақида бироз мулоҳаза юритамиз:

Биринчидан таълим сифати ошади. Агар ўқитувчиларнинг жамиятдаги мавқеи ва ҳурмати юқори бўлса, уларнинг ўз ишига рағбати, фидойлиги ва садоқати юқори бўлади. Бу ўқувчиларга берилаётган таълим сифатининг ошишига олиб келади.

Иккинчидан жамиятда ўқитувчилик касбини танловчилар сони ортади. Одамларнинг ушбу касбга қизиқиши кучайиб, таълим соҳасида ишлашга тайёр юқори малакали ва иқтидорли педагоглар кўпаяди.

Учинчидан ўқитувчи мавқеининг юқорилиги ушбу касбнинг ижтимоий нуфузини оширади. Бу одамларнинг таълимга бўлган муносабатини ўзгартиришга, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратишга ёрдам беради.

Тўртинчидан жамиятнинг интеллектуал салоҳияти ривожланади. Мақоми баланд ўқитувчилар жамият аъзоларининг, бутун халқнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантиради.

Дунё мамлакатлари орасида халқининг ўртача интеллектуал даражаси юқори кўрсаткичларга етган Япония, Германия, Исроил, Сингапур, Жанубий Корея каби кўплаб давлатлар борки, бунга улар фақат ва фақат таълим тизимини мустаҳкамлаш ҳамда ўқитувчилар мавқеини ошириш орқали эришганлар.


Яқинда Япониянинг етакчи университетлари ректорлари билан бўлган учрашувда кунчиқар юртда ўқитувчиларнинг мақоми қандай эканлиги билан қизиқдим. Ҳамкасбларимнинг биридан Японияда “Соясини топтамаслик учун ўқитувчидан етти қадам ортда юр!” деган нақл борлигини эшитиб, ҳайратга тушдим. Шундан сўнг уларга Ўзбекистонда ҳам бу жабҳада амалий чоралар кўрила бошлаганини, янгиланаётган Конституциямизнинг 52-моддасида “Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади” дея белгилаб қўйилаётганлигини фахр билан айтиб бердим.

Дунёнинг ривожланган давлатлари тарихига назар ташласак, уларда барча ислоҳотлар боғча ва мактабдан, тарбия масаласидан бошланганини кўрамиз. Ўтган аср бошида жадид боболаримиз шунинг учун ҳам мактаб масаласини энг биринчи ўринга қўйган эдилар. Буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактабдир”, деган сўзларида қанчалик теран маъно борлигини изоҳлашга ҳожат йўқ.

Юртимизда ўқитувчилар мавқеини оширишга кўплаб ҳаракатлар бўлди. Аммо фақат бугунги дориломон кунларга келиб бунга эриша олдик. Бундан кўзланган бош муддао – таълим сифати, илмнинг самараси орқали Ўзбекистон халқининг интеллектуал салоҳиятини кўтариш ва алал-оқибат юртимиз равнақи, мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, халқимиз фаровонлигини оширишдир. Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида биз, албатта, кўзлаган мақсадларимизга эришамиз.


Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Шароф Рашидов номидаги
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » ЎЗБЕКИСТОНДА ЎҚИТУВЧИНИНГ МАҚОМИ ЮКСАК БЎЛАДИ...