Миллий ғоя: Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи

Миллий ғоя: Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи
Ўзбекистоннинг миллий ғояси қандай бўлиши керак? Унинг негизида сифатли таълим, самарали илм, миллий манфаатлар мужассам бўлиши шарт!

Бугун биз ниҳоятда мураккаб, таҳликали, таҳдидли ва тажовузкор дунёда яшаяпмиз. Жаҳонда юз бераётган воқеа-ҳодисалар, беқарор сиёсат, гегемонлик васвасаси, ўзаро зиддиятлар, миллатчилик каби бўҳронлар биздан ҳар қачонгидан-да кўпроқ миллий мустаҳкамликни талаб этмоқда. Миллий бирлик юксак миллий ғоя замирида шаклланади, миллатни ягона мақсад йўлида бирлашишга даъват этади.

Ўзбекистоннинг миллий ғояси қандай бўлиши керак? Мазкур саволни ҳозирги талотўпли даврда ҳаётнинг ўзи олдимизга кўндаланг қўймоқда. Зеро, миллий ғоя барча мақсад-муддаоларимизнинг калити ҳисобланади. Ғоясизлик ёки иккинчи даражали ғоя миллатни заиф қилади, турғунликка етаклайди. Агар теран мулоҳаза юритсак, теварак-атрофга назар ташлайдиган бўлсак, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳаётидаги барча буюк тарихий ҳодисалар таг-заминида тўғри танланган ва ўзгармас миллий ғоя мужассам эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Шу маънода, Ўзбекистоннинг миллий ғоясини илгари суриш пайти келди. Бизнингча, у сифатли таълим ва самарали илм-фан негизида юқори интеллектуал даражали авлодни тарбиялашдан иборат бўлиши мақсадга мувофиқдир. Чунки юқори интеллектуал даражали авлоднинг пайдо бўлиши, жамиятнинг барча бўғинига кириб бориши, мамлакатдаги мавжуд соҳаларнинг ижобий ўзгаришига, янгиланишига, ривожланишига, тараққий этишига олиб келади.

Буюк Шарқ файласуфи Конфуций “Билимсизлик инсоният учун энг қоронғи тундир”, деганида минг карра ҳақ. Негаки, илм инсониятни юксакликка кўтарса, билимсизлик уни фақат тубанлик, жарлик сари етаклайди. Бунга инсоният тамаддунида мисоллар жуда кўп. Шунинг учун эртасининг фаровон бўлишини ўйлаган жамият илм сари интилади, ёш авлодга билим ўргатиш, зиё тарқатиш пайидан бўлади.

Мантиқан олиб қараганда, юқори интеллект бу - чексиз куч-қудрат, миллат тафаккурида юз берадиган инқилобдир. У миллат онгидаги барча иллатларни аёвсиз сидириб ташлайди. Энг асосийси, юқори интеллект инсонга Ватанни таниш, англаш имконини беради. Юқори интеллект эгаси ўз миллати, ўз мамлакати билан фахрланади. Унинг манфаати учун курашади. Ҳаётини мана шу мақсадга бағишлайди.

“Ҳамма саъй-ҳаракатларимиз тагида таълим бор. Қайси ҳудудга борсам, ёшлар билан, катта-катта корхоналардаги ишчилар билан суҳбатлашаман. Улардан «Сизни нима қийнайди» деб сўрасам, билим етишмаслигини айтади. Ривожланган давлатлар бугунги иқтисодиётига қандай эришган? Билим эвазига! Шунинг учун аввалбошдан таълимни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. 2023 йилга “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”, деб ном бердик. Энди мактабларимизга мутлақо янги муҳит ва сифат кириб келиши керак”, — деган эди Президентимиз.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессансни бунёд қилиш, эркин ва фаровон жамият қуриш йўлида белгилаб олган улкан мақсадларга қанчалик тез эришишимиз миллатнинг билим ва тафаккури, салоҳиятига боғлиқ. Сингапур мўъжизасининг асосчиси Ли Куан Ю айтганидек, “Истеъдодли инсонлар мамлакатнинг энг бебаҳо бойлигидир”.

Масалага ана шу нуқтаи назардан ёндашсак, Ўзбекистоннинг миллий ғояси таълим, илм-фан, интеллектуал даражаси баланд авлодни вояга етказиш тарихий заруратдир.

Тан оламиз. Ўзбекистон мустақил бўлгандан сўнг “миллий ғоя” деб номланган ғоя ўртага ташланган эди. Аммо мавҳумликка йўғрилган бу ғоя, халқимизга сингмади, миллатнинг миллий ғоясига айланмади. Энг аламлиси, ҳаётимизни яхшиламади. Ўзгартирмади. Чунки бизга “миллий ғоя” деб тиқиштирилган ғоянинг аниқ мақсади йўқ эди. Баландпарвоз гаплардан иборат эди, холос. У билан ҳаёт ўртасида жуда катта фарқ бор эди.

Халқимиз йўлсизлик узра муаллақ қолгач, Президент Шавкат Мирзиёев миллий ғоя борасида амалий ишларни бошлади. Унинг асл маъно-мазмуни қуйидагилардан иборат: Биз маърифатпарвар боболаримизнинг муқаддас орзуларини рўёбга чиқариш учун мамлакатимизда янги Ренессанс пойдеворини яратишни стратегик вазифа қилиб белгилаганмиз. Шу мақсадда илм-фан, таълим-тарбия, маданият соҳаларида туб ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз. Бу борада аввало, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаётидаги ўрни ва таъсирини кучайтиришга устувор аҳамият қаратмоқдамиз...

Бугун илгари сурилаётган миллий ғоя асоси сифатли таълим ва самарали илм-фанга қурилаётгани бежиз эмас, албатта. Сабаби, ўтган давр ичида илм-фанни ҳам, таълим тизимини ҳам боши берк кўчага олиб бориб қўйдик. Муаллим, олимнинг обрўсини ер билан битта қилдик. Ўқиш-ўқитиш ишлари бутунлай издан чиқди. Болалар боғчалари тугатилди. Бинолари хусусийлаштирилди. Болалар то мактаб ёшигича уйда қолиб кетди. Боланинг онги маълумотларни яхши оладиган вақти бўлган 5-7 ёш оралиғида у ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Ота-она тирикчилик ғамида четга чиқиб кетди. Натижада кўз ўнгимизда билимсиз, лаёқатсиз авлод пайдо бўлди.

Италиялик машҳур иқтисодчи-тарихчи Карло Чипполо шундай ёзади: “Билимсизлар жиноятчилардан кўра хавфлидир. Жиноятчиларда мақсад бўлади, тентакларда эса йўқ. Шунинг учун уларнинг ҳаракатларини олдиндан билиш имконсиздир. Улар сизга ҳеч қандай сабабсиз, муддаосиз, режасиз зарар етказади. Энг кутилмаган жойда, энг ноқулай пайтда пайдо бўлади”.

Хўш, бундай иллатга қарши қандай кураш олиб бориш мумкин?

Албатта, сифатли таълим бериш, миллатнинг мудраб ётган даҳосини уйғотиш билан. Демак, ёш авлоднинг ақл “машъала”ларини бугун ёқмоғимиз лозим. У жамиятда инсоннинг бутун умр илм олиши учун барча шароитни яратиб бериш, маърифатли давлат сиёсатини юритиш, бола онгу шуурига гўдаклигиданоқ зиё олиб кириш ёрдамида амалга оширилади.

Тўғри, бу жуда машаққатли, оғир меҳнат талаб қилади. Аммо шарафли йўл, тараққиёт шарти, замон талабидир.

Миллий ғоя: Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи

2018 йилда Самарқанд давлат университетига ташриф буюрган Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжарга таълимдаги ислоҳотларни нимадан бошлаш кераклиги тўғрисида савол берганимизда, унинг жавоби жуда қисқа бўлди: “Мактабгача таълим муассасасидан...”

Машҳур олимнинг фикрини давом эттириб, айтмоқчиманки, оналар масъулиятини ошириш ҳам жуда муҳим. Онанинг фарзандни дунёга келтириши бу табиий жараён бўлса, оиладан бошлаб унга таълим-тарбия бериш бу эл-юрт олдидаги улкан бурчи эканлигини унутмаслик керак.
АҚШнинг Массачусетс штатидаги Кембриж шаҳрида жойлашган Ҳарвард университетида шундай чақириқ бор: “Билим олиш азоби – вақтинча, билимсизлик азоби – умрбод!” Барча иллатларнинг дояси илмсизлик экан, миллатнинг оёғига тушов бўлаётган қусурлардан тезроқ қутилишимиз керак. Дабдабали тўйлар, ҳашаматли иморатлар, кераксиз орзу ҳаваслар ўрнига болаларимизни ўқитишимиз жуда катта зарурат эканлигини унутишга ҳаққимиз йўқ. Ҳаммасини давлатга ташлаб қўйиш, ҳаммасини давлатдан кутиш тўғри эмас.

Давлат қилиб беряпти, деган иддаоларга қарата айтиш керакки, Президент ташаббуси билан, аввало, мактабгача таълим тизими яратилди. Мактаб таълими ислоҳ қилинди. Самарасиз коллежлар фаолияти тўхтатилди. Ёшларнинг олий таълим олиш имконияти мисли кўрилмаган даражада кенгайтирилди. Олий таълим халққа яқинлаштирилди. Қисқача айтганда, таълим мамлакат тараққиётининг локомотивига айланди.
Ўқитувчи ва домла, устоз ва мураббий, ўқувчи ва талабалар мажбурий меҳнатдан озод бўлди. Педагоглар фақат миллатни ўқитишдек ўта масъулиятли вазифаларни бажаришга киришишди.

Иқтисодий қийинчиликлар, маош камлиги туфайли чет элларга чиқиб кетган ёки касбини алмаштиришга мажбур бўлган илм аҳли мамлакатга қайтарилмоқда.


Ҳар йилги қисқартиришлар туфайли кўчага ҳайдалган олимлар учун олий ўқув юртлари, илмий тадқиқот муассасалари эшиги қайта очилди...
Таълимга, илм-фанга қарши курашиш қандай салбий оқибатларга олиб келишини, жамиятда депсиниш юз беришини тарихимизда кўрдик. Кўзимиз очилди.

Тараққиётда дунёнинг ривожланган, ривожланаётган давлатларидан эмас, ёнимиздаги мамлакатлардан ҳам орқада қолдик. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов ўша кунларда алам билан:
“Ўтираверибман буюкман дея,
Манзилга етибди бошқа карвонлар...”
деган эди.

Минг афсуски, эркимиз ўз қўлимизда бўла туриб, яратиш ва ривожланиш учун, аввало, сифатли таълим, илм зарурлиги ҳақидаги азалий ҳақиқатдан кўз юмдик...

Бундай жамиятда қандай миллий ғоя бўлиши мумкин? Ё у йўқ ёки бор бўлса-да, миллатнинг мақсад-муддаосига айланмаганди. Юракларга кўчиб ўтмаган, қалбларга муҳрланмаганди.

Маърифатли миллат, озод халқгина миллий ғоя ҳақида ўйлайди. Уни яратиш устида бош қотиради. Унинг учун миллий ғоя муқаддас туйғуга айланади. Демак, миллий ғоянинг негизида сифатли таълим, самарали илм, миллий манфаатлар мужассам бўлиши шарт.

Тарихга назар ташланг, мамлакатлар қачон қудратли бўлган? Қачон тараққий этган? Қачон гуллаб-яшнаган? Қачон халқ фаровон ва бой яшаган?

Албатта, илм-фан ва таълим ривожланганда. Минглаб мактаб ва мадрасалар қурилганда. Шаҳарларимиз марказидаги энг баланд, энг муҳташам иморатлар мадрасалар бўлганда...

Ислом оламида алоҳида эътироф этиладиган олим ва уламо раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг маълумотларига кўра, Қуръонда «илм» сўзи турли ҳолларда 765 марта такрорланади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётлари ва айтган сўзлари ҳам илмга даъват билан тўла. Биргина мисол келтирайлик. Бадр жангидан сўнг Муҳаммад алайҳиссалом ҳар бир асирга озод бўлиши учун 10 мусулмонга ўқиш, ёзишни ўргатишни шарт қилганлар. Ўша ўринда пул, мол ёки хоҳлаган бошқа нарса сўралиши мумкин эди, лекин Исломда илм ҳамма нарсадан устун тургани учун шу сўралган.

Бугун масжидларда, маҳаллаларда, турли давра ва йиғинларда биринчи айтиладиган фикр фарзандларини ўқитиш, ўқитишгина эмас, балки уларга сифатли таълим бериш, миллат генофондини яхшилаш, бола тарбиясида оиланинг ўрнини англатиш бўлиши керак. Бошқа йўлимиз йўқ. Фақат сифатли таълим ва самарали, яъни натижа берадиган илмгина бизни бу вазиятдан олиб чиқа олади.

Шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади. Нимага бугун имом домлаларимиз улуғ алломаларимизнинг маърифат тарқатиш йўлидаги эзгу амалларини давом эттиришмаяпти? Миллат ва мамлакат муаммоларининг ечими илмда, таълимда эканлиги ҳақида бонг уришмаяпти?
Ҳаётда рўй бериб турадиган айрим нохушликлар илдизи ҳам маърифатсизлик меваси саналади. Темирни занг кемирганидек, одамни маънавиятсизлик ва билимсизлик синдиради. Исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат шуки, ҳар қандай давлатнинг келажаги маърифатли, ақлли ёшлардир. Шу боис билим эгаллаш, илм олиш барчамизнинг доимий вазифамизга айланиши керак. Илмсизликнинг олдини олиш, ёш авлоднинг ўқиш ва уқишга қизиқтиришни мактаб парталаридан бошлашимиз зарур. Бунда устозлар том маънода мотиватор бўлишлари лозим.
Аччиқ бўлса-да, айтамиз, мактабни янгилаш керак. Унга янги руҳ киритиш шарт. Буларнинг ҳаммаси учун, бир сўз билан айтганда, ғоя, миллий ғоя керак. Ва бу бутун миллатнинг ақлу шуурига, феълу аъмолига ўтмоғи лозим. Шундагина у ҳаётий кучга айланади...

Бугунги дунёда ҳам аҳвол худди шундай. Илм-фан ва таълим ривожланган давлатлар ҳар томонлама жаҳонга ҳукмронлик қилмоқда. Аслида, қурол-яроқдан-да, кўпроқ маблағларни илм-фанга йўналтирмоқда. Камбағал мамлакатлардаги истеъдодли ёшларни, иқтидорли олимларни катта пул эвазига ўзларига чақириб олмоқда ва улардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқда. Илмий салоҳиятга эга чиқмоқда. Бунинг натижасида давлатлари зиёда бўлиб, халқи яхши яшамоқда.

Мақсад инсон манфаатлари бирламчи бўлган, иқтисодий ривожланган, ижтимоий мукаммал, барқарор жамиятни барпо этиш экан, пойдевори замондан илгари қадам ташлайдиган таълим ва илмдир. Бу ҳақиқат Президентимиз томонидан илгари сурилмоқда ва халқимиз ҳаётидан тобора чуқур ўрин эгалламоқда.

Ўз замонининг илғор намояндалари бўлган жадидлар ғоят мураккаб ва қийин шароитда билим ва маърифат тарқатиш, таълим-тарбия соҳасини тубдан ислоҳ этиш орқали миллий тараққиётга эришиш ғояси билан майдонга чиқди. Шу мақсадда ўз маблағлари ҳисобидан мактаб ва театрлар, нашриёт ва кутубхоналар, газета ва журналлар ташкил қилди, қобилиятли ёшларни чет элларга ўқишга юборди. Уларнинг бу олижаноб ташаббус ва ҳаракатлари жамият ҳаётида кучли акссадо бериб, қудратли тўлқинга айланди.

Бугун дунё ҳамжамияти Ўзбекистон раҳбарининг илм-фанга, таълим тизимига кўрсатаётган эътиборини юксак баҳоламоқда. Жаҳон Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга интилмоқда. Бу борада ўзлари ташаббус кўрсатмоқда.

Миллий ғояси йўқ, бўлса-да амал қилмайдиган миллатни мавҳ этиш осон кечади. Зеро, миллий ғоя миллатнинг мустаҳкам қаъласидир. У миллатни ташқи таъсирлардан ҳам ҳимоя қилади, Ватан муқаддаслигини, озодлик қадрини, ўзликни асраш имконини беради.

Янги Ўзбекистоннинг янги миллий ғояси сифатли таълим ва самарали илм-фан негизида юқори интеллектуал даражали авлод асосига қурилиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Зотан, миллий ғоя мамлакат олдида турган барча муаммоларни ечишнинг ягона ва асосий воситаси бўлиши шарт. Юқори сифатли таълим ва самарали илм-фангина бунга калит бўла олади.

Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Миллий ғоя: Миллат учун ҳаёт-мамот масаласи