-Илм-фан йўли машаққатли. Бу йўлни танлашингизга ким сабаб бўлган?
-Дадам, Асқар Сафаров физика-математика фанлари номзоди. Ҳозирда Cамарқанд давлат университети ядро физикаси ва астрономия илмий ўқув лабораториясида фаолият юритади. Болалигимдан дадамнинг физикага оид китобларини томоша қилишни яхши кўрардим. Дадам китоб ўқиб ўтирган пайтлари мен ҳам олдига бориб, ҳали ўқишни билмасам ҳам расмларини кўриб ўтирардим. Космос, телескоплар, ҳар хил асбоблар суратларини томоша қилиш мен учун қизиқ эди.
16 ёшимда Америка элчихонаси томонидан эълон қилинган “Accels” дастури танловида ғолиб бўлиб, ўқишимни Америкада давом эттириш имкониятини қўлга киритдим. Мактабни ўша ерда тамомлаб, 2003 йилда Ўзбекистонга қайтиб келдим ва Самарқанд давлат университети физика факультетига ўқишга кирдим. Кейин магистратура, докторантурада ўқидим.
Италияда физика соҳасида мусулмонлар орасида биринчи бўлиб Нобель мукофоти совриндори бўлган машҳур физик Абдус Салам номидаги Халқаро назарий физика маркази бор. 2015 йил ушбу марказ ҳамда Халқаро Атом Энергияси Агентлиги (МАГАТЭ) томонидан эълон қилинган қўшма ICTP-STEP таълим дастури ғолиби бўлдим ва бир йил давомида илмий ишим мавзуси бўйича Австрияда жойлашган агентликнинг Зиберсдорф лабораториясида тадқиқот олиб бордим.
2021 йилда “Атроф-муҳит объектларининг паст активлигини ўрганиш: гамма спектрометрияда янги ёндашув” мавзусида PhD диссертациямни ҳимоя қилдим.
Бугунги кунга қадар АҚШ, Буюк Британия, Италия, Германия, Австрия, Норвегия, Дания, Туркия, Россия, Словакия, Словения, Ватикан каби давлатларда бўлганман.
“Ядро физикаси табиатнинг янги қонунларини очиш учун керак”
– Нима учун айнан ядро физикаси соҳаси?
– Энг аввало, физика мамлакат тараққиёти асосларини яратиб берадиган муҳим тармоқлардан биридир. Ядро физикаси фундаментал муаммоларни ҳал қилишда - материя тузилишининг чуқур хусусиятларини ўрганиш ва табиатнинг янги қонунларини очиш учун керак. Шунингдек, ушбу фан астрофизиканинг кўплаб соҳалари учун, масалан, юлдузлардаги термоядро реакцияларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Ядро физикасининг амалий қўлланилиши хилма-хилдир: ядро ва келажакда термоядро энергетикасидан тортиб тиббиёт диагностикаси ва терапиясигача.
Ядро физикаси ускуналари ва усуллари тоғ-кон саноатида (биринчи навбатда уран қазиб олувчи корхоналарда), қишлоқ хўжалиги, гидрометеорология, геология, табиатни муҳофаза қилиш, радиациявий стерилизация ва уран қолдиқларини қайта ишлаш, озиқ-овқат ва қурилиш материалларининг радиациявий хавфсизлигини назорат қилишда, суд-тиббиёт, онкология ва тиббий диагностикада фаол жорий этилмоқда.
Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши режалаштирилганлиги муносабати билан ҳукумат томонидан атом энергетикасини ривожлантириш Концепцияси қабул қилингани сабабли ушбу мавзу янада долзарб аҳамият касб эта бошлади. Ҳукумат томонидан белгиланган асосий вазифалардан бири атом саноати учун мутахассислар тайёрлашдир. Ушбу вазифа ижроси учун Ўзбекистон Миллий университети (ЎзМУ) ва Самарқанд давлат университетининг ядро физикаси факультетларига қабул квотаси оширилди. Сўнгги пайтларда иқтисодиётнинг жадал суръатларда ўсиши туфайли Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий фаолиятининг турли соҳаларида тинч ядровий технологиялардан фаол фойдаланилмоқда. Бунга нефт-газ сектори ва тиббиётда радиоизотоп маҳсулотларининг қўлланиши мисол бўла олади.
Бу борада Самарқанд давлат университети ядро физикаси лабораторияси фаолиятига тўхталиб ўтишим жоиз. Хабарингиз бор, яқинда лабораторияда катта ҳажмда реконструкция ишлари олиб борилди. Реконструкцияга қадар лабораторияда Халқаро атом энергияси агентлигининг 3 йирик лойиҳаси бажарилган. Мазкур лойиҳалар доирасида республикамизга қарийб 1 миллион долларлик инвестиция олиб киришга муваффақ бўлдик. Реконструкциядан кейин лаборатория жаҳон стандартларига жавоб берадиган янги турдаги асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Лойиҳалар доирасида ядро физикасини ўқитишда таълим сифатини оширишга каратилган 5 ўқув лаборатория яратилди. Ҳозирда уларни амалга ошириш бўйича изланишлар олиб борилмоқда.
Айни пайтда ядро физикаси ва астрономия кафедрасида жаҳоннинг нуфузли университетлари ва илмий-тадқиқот институтлари билан самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, у ердаги халқаро тоифадаги мутахассисларни университетга жалб қилиш ҳамда улар билан биргаликда илмий тадқиқотлар олиб бориш, ёш ўқитувчиларни стажировкага юбориш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
“Массачусеттс технология институти сари...”
-2022 йилнинг апрель-август ойларида дунёда етакчи ҳисобланган Американинг Массачусеттс технология институтида стажировкада бўлгансиз. Таассуротларингизни бўлишсангиз?
-Ушбу стажировкада қатнашишим МАГАТЭ агентлиги техник ҳамкорлик фонди томонидан молиялаштириладиган дастур доирасида бўлиб ўтди. Дастур учун ҳужжат топширишда дунёнинг энг етакчи университети бўлган Массачусеттс технология институтини танладим. Мазкур институтда бўлиш, стажировка ўташ мен учун азалий орзу эди. Шу тариқа ўтган йили апрель-август ойларида Массачусеттс технологиялар институтида стажировка ўтадим. У ерда реакторлар физикаси бўйича профессор Benoit Forget билан ядро физикаси ва муҳандислиги бўйича, профессор Mike Short билан ядро физикаси таълимида дарс сифати ва самарадорлигини яхшилаш бўйича илмий тадқиқотлар олиб бордим. Ушбу илмий тадқиқотим радиацион хавфсизлик ва реакторлар физикаси соҳаси, турли моддалар таркибидаги радиактивларни ўрганиш, детекторлар ёрдамида моддадан чиқадиган нурларни қайд қилиш ва олинган маълумотлар асосида модда таркибидаги элементлар миқдорини аниқлашга қаратилган.
Мазкур институт профессорлари билан ҳозир ҳам алоқаларимиз бор. Май ойида профессор Mike Short нинг Самарқанд давлат университетига ташрифи кутиляпти. Америкалик профессор СамДУ Муҳандислик физикаси институтига келиб, ўқитувчи ва талабаларга умумий маъруза дарслари ўтади.
Шунингдек, Массачусеттс технологиялар институтида ядро физикаси фанларини ўқитишда фойдаланадиган ўқув курслари, зарурий дарслик ва қўлланмалардан бу ерда ҳам жорий этиш бўйича самарали ишларни амалга оширдик. Ҳозирда Массачусеттс технологиялар институтида ўқитиладиган “Ионлаштирувчи нурланишларнинг моддалар билан таъсири” фани ўзимизда ўқитиляпти. Келгусида СамДУ профессор-ўқитувчи ва тадқиқотчиларининг мазкур институтда стажировка ўташларини давомли йўлга қўйиш, илмий ҳамкорликни кучайтиришни режалаштирмоқдамиз.
“Ўз устида ишлаш, тинимсиз меҳнатда гап кўп...”
-Олим бўлиш инсондан нимани талаб қилади?
-Энг аввало, қизиқувчанликни. Инсон яралибдики, Ер ва осмон тузилиши, бизни ўраб турган борлиқда нималар борлиги, Коинотнинг қандай бўлгани каби саволларга жавоб излаб яшайди. Бу ҳаммаси инсондаги қизиқувчанлик сабаб келиб чиқади. Олимларда бу фазилат бошқаларга нисбатан кўпроқ бўлади.
Иккинчи омил бу – оилавий муҳит. Агар оилада билим олишга қизиқишга ундайдиган муҳит бўлса, яъни ота-она бу борада фарзандларига ўрнак бўлса, болада ҳам илмга меҳр уйғонади. Ҳар бир муваффақият 99 фоиз меҳнат ва 1 фоиз истеъдоднинг маҳсулидир. Ўз устида ишлаш, тинимсиз меҳнатда гап кўп...
“Физика соҳасини танламаганимда...”
-Агар физика соҳасини танламаганингизда қайси соҳадан кетган бўлардингиз?
-Аниқ фанларни бир пирамида деб оладиган бўлсак, ўша пирамиданинг энг юқори қисмида математика жойлашган бўлади. Дунё бўйлаб ҳар бир мамлакат ўз она тилига эга бўлгани сингари коинот тили математикадир. Коинотдаги ҳар бир жараён ва элемент математика тилида гаплашади. Агар физика соҳасидан кетмаганимда математикани танлаган бўлардим.
“Физика фақат назария билан чекланиб қоладиган фан эмас”
-Бугунги олий таълимда физика фанини ўқитиш тизимига оид фикрларингиз қандай?
-Талабалик йилларим билан ҳозирги даврни солиштириб кўрсам, жуда катта фарқ сезаман. Ўша пайтда бир магистр ёхуд докторантда бўлмаган шароит ва имкониятлар ҳозир барча талабаларда бор. Физикада лаборатория машғулотлари муҳим рол ўйнайди. Афсуски, шундай вақтлар бўлганки, жуда муҳим тажрибаларни шунчаки “фараз қилиш” билан ўтказиб юборганмиз. Аммо бугун талабаларни бундай муаммолар қийнамайди. Физика фақат назария ўқиш билан чекланиб қоладиган фан эмас. Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтида бу борада барча керакли ва зарурий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган лабораториялар ҳар қандай турдаги лабораторияни ўтказишга қодир.
Самарқанд давлат университетида Муҳандислик физикаси институтининг ташкил этилганлиги муҳим ҳодиса бўлди. Муҳандис билан олим ўртасида катта фарқ бор. Олим фундаментал масалалар билан шуғулланади, масалани илмий таҳлил қилишга киришади. Муҳандис эса олимлар томонидан тўпланган билимлар асосида янги кашфиётлар яратади. Шу сабабли, янги келажакнинг барқарор асосларини яратиб берадиган ихтирочи-муҳандис кадрлар тайёрлаш кун сайин долзарб масалага айланмоқда.
Аниқ фанлар соҳасидаги ҳамкорликни кўпроқ Ғарбга эмас, балки Осиё ва араб давлатларига қаратиш керак. Уларнинг илмий салоҳияти Ғарбникидан қолишмайди. Қолаверса, тарихдан маълум, бизнинг мутафаккир ота-боболаримиз азал-азалдан араб олимлари билан доимий алоқада бўлиб келган. Бағдоддаги “Байтул ҳикма” илмий мактаби бунга ёрқин мисолдир. Шунинг учун, физика соҳасидаги бугунги тадқиқотларда араб давлатлари илмий мактаблари, тадқиқот институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш керак, деб ўйлайман.
“4 йил давомида уларни ким имтиҳондан ўтказган?”
-Илм-фан соҳасидаги ёш тадқиқотчи ва талабаларга қандай тавсиялар бера оласиз?
-Австрия сафарида бўлганимда илмий раҳбарим шотландиялик профессор Iain Darby менга жуда катта ёрдам берган, илмий иш ҳимоямда ҳам қўллаб-қувватлаган. Сафарим тугаб ватанимга кетарканман, хайрлашаётганимизда профессорга савол бердим: “Мендай оддий бир тадқиқотчига жуда катта яхшилик қилдингиз. Бу яхшиликларингизни қандай қайтаришни ҳам билмайман...” Шунда профессор менга бир гапни айтди. Ўша гап бутун умрга хотирамда муҳрланиб қолди. “Қачонлардир, ёшим сендайлигида мен ҳам ўз келажагига ўзи ишонмайдиган, ҳаётда ўз йўлини тополмаган йигит эдим. Ўшанда менга ҳеч ким ишонмаганда бир ўқитувчим келажагимга катта ишонч билан қўлидан келганча яхшилик қилди. Илмий иш ҳимоямга ёрдам берди. Ўшанда ният қилгандим, қачонлардир, мен ҳам профессор бўлсам, ҳузуримга шунақа илмталаб ёшлар келса, мен ҳам уларга шундай яхшилик қиламан. Ўша одам сен бўлдинг. Сенга қилганларим эвазига фақат бир нарса сўрайман: Вақти келиб, катта олим бўлганингда, ҳузурингга илм талабида бирор киши келгудай бўлса, сен ҳам уларга шундай яхшилик қил...”
Талабалик – олтин давр. Ҳар бир талаба шу тўрт йиллик олтин даврни ўқиш, иш ва ҳаёти ўртасидаги балансни ушлаган ҳолда муҳим нарсаларни ўрганишга сарфлаши лозим. Қайси соҳа бўлишидан қатъи назар, ўз мутахассислик фанларини пухта билиши ва албатта хорижий тилларни ўрганиши керак.
Массачусеттс технология институтида талабалар худдики, компания харидорлари мақомида. Ўқитувчининг дарс жараёнларига, ўқитиш усулига фақат ва фақат талабалар баҳо беради. Ўқитувчилар мутлақо эркин. Ўқув жараёнлари, ҳужжатлаштириш тизими жуда содда. Баҳолаш мезонлари ҳам осон ва қулай.
Аччиқ ҳақиқат бўлса ҳам айтаман: Ҳозир тўртинчи курс бўлса ҳам ўз мутахассислигига оид оддий нарсаларни билмайдиган талабалар жуда кўп. Уларга дарсга кириб қолсам, бир савол миямда айланади: “Бундай талабаларни нима учун қабул қилишган?” “4 йил давомида уларни ким имтиҳондан ўтказган?”
Мен асосан битирувчи курс талабаларига дарс бераман. Одатда бу курс талабалари ўз мутахассислиги бўйича асосий билимларни ўзлаштирган бўлиши керак. Шунга мос битирувчи босқичда ўтиладиган фанлар ҳам мураккаблашиб боради. Афсуски, кўпчилик талабалар бу мураккаб нарсаларни тушунмайди. Бундай вазиятда нима қилишни билмай бошингиз қотади...
Фанга оид фундаментал билим бўлмаса, ўқишнинг ҳеч кимга, ҳатто, талабанинг ўзига ҳам фойдаси йўқ. Буни ҳаммага тўғри тушунтириш керак. Ўқув жараёнини соддалаштириш, қоғозбозликни йўқотиш керак. Ўқитувчиларга эркинлик бериш, уларнинг зиммасига юкланаётган юкламаларни камайтириш керак.
Ёш тадқиқотчиларга тавсияларим ҳеч қачон изланишдан, меҳнат қилишдан эринмаслик керак. Юқорида айтганимдай, ҳар бир эришилган ютуқ ортида катта ва кучли меҳнат ётади. Бу йўлда уларга омад ва илм-фанга бўлган меҳр ҳамроҳ бўлишини тилайман.
Суҳбатдош: Ирода БЕКМУРАДОВА,
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими.