Вобкент туманидаги ихтисослаштирилган мактабнинг 9-синф ўқувчиси Шахзоджон Эркинов яратган ретро дизайндаги электромобиль айни дамда соатига 50 километр тезликда ҳаракатлана олади. Зарур техник ишлар бажарилса, тезликни соатига 100 километр ва ҳатто ундан ҳам ошириш мумкин. Электрокар қуёш панели, шунингдек, электр токи воситасида ҳам қувватланади.
— Бу туристик зоналарда, паркларда, дам олиш масканларида одам ташиш учун мўлжалланган, – дейди Шахзод Эркинов.
Бу электромобилнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у фақат Шахзоднинг қўл бармоғи билан ёқилади ва дастурлаш тўлиқ ўзбек тилида амалга оширилган. Электромобилга ихтирочи 12 вольтли тўртта қуёш панелларини ўрнатиб, унинг қуёш энергиясида ҳаракатланишини таъминлади.