Scopus маълумотлар базаси ўзи нима? Унда қандай қилиб мақола чоп этиш мумкин?

Scopus маълумотлар базаси ўзи нима? Унда қандай қилиб мақола чоп этиш мумкин?
Самарқанд давлат университети органик синтез ва биоорганик кимё кафедраси профессори Хуршид Бозоров билан суҳбат

“Scopus” ўзи нима? «h-индекс» чи?..

- “Scopus” – бу Elsevier академик нашриётининг 2004 йилдан бошлаб ташкил қилган библиографик маълумотлар базаси ҳисобланади. Дунёда 4 та энг катта илмий журналлар, уларда чоп этилган мақолалар, китоблар, ихтиро патентлари ва аннотациялар иқтибосларини ҳисоблаб борадиган маълумотлар базалари таркибида Elsevier нашриёти ҳам мавжуд. Шунинг учун “Scopus” маълумотлар базасининг рейтинги ва ишончлилиги юқори.

-Scopus базасига кирувчи журналларда мақолалар қандай чиқарилади тажрибаларингиз билан ўртоқлашсангиз?

- Ҳар бир илмий журналнинг “Web” саҳифаси мавжуд. Ушбу саҳифаларда “Indexing” бўлимини текшириш орқали ушбу журнал Scopus да индексация қилинадими ёки йўқ билиб олинади. Лекин бу билан чегараланиб қолмаслик керак. Энг маъқул йўл бу Scopus базасида журнал номини киритиб аниқлаш ҳисобланади. “Scopus” – маълумотлар базаси 11600 дан ортиқ нашриётларни жамлаган, шундан 36000 таси “таҳрир қилинадиган” (peer-reviewed journals) журналлар, яъни сиз маълум журналга ўз қўлёзмангизни топширганингиздан сўнг сизнинг қўлёзмангизни бош муҳаррир камида 2 мустақил тақризчига юборади. Экспертиза жараёни ҳар хил, камида 1 ойдан 4-6 ой, баъзан 1 йилгача давом этиши мумкин.

- Мақола қайси тилларда бўлиши керак?

- Асосан инглиз тилида. Жуда оз сонли Scopus журналлари немис, хитой ва рус ёки бошқа тилларда нашр қилинади.

-Scopus базасига кирувчи журнал билан Scopus базасига кирмайдиган журналларни қандай фарқлаш мумкин?

- Бу жуда оддий. Аввало Scopus базасидан мазкур журнал қидириб кўрилади, лекин бу ерда бир муҳим фактор мавжуд. Юқорида таъкидлаганимдек “Scopus” – маълумотлар базасида 36000 та “таҳрир қилинадиган” (peer-reviewed journals) журналлар, шу билан биргаликда 2000 дан ортиқ янги қўшилган журналлар бор. Кўп ҳолларда ушбу журналларнинг аксарияти 1 йилдан сўнг Scopus талабларига жавоб бермаслиги натижасида ушбу базадан чиқариб юборилади. Шунинг учун ҳар қандай журналнинг “тарихига” эътибор бериш муҳим. Яъни, сиз ўз соҳангиз бўйича танлаган журнал Scopus да сўнгги 5-7 йилдан бери мавжуд бўлса, демак шу журналга ўз қўлёзмангизни топширсангиз бўлади. Агар у журнал Импакт Факторга (Impact Factor) эга бўлса, унда юқори ишончли ҳисобланади ва танлашга арзийди.

-Сизнинг Scopus базасига кирувчи мақолаларингиз СамДУ профессор-ўқитувчилари орасида «h-индекс»и юқори даражада туради. Бунга қандай эришгансиз? «h-индекс» ўзи нима?

- «h-индекс» ёки «Ҳирш индекси» 2005 йилда Калифорния университети физик олими Хорхе Хирш томонидан физик олимларнинг илмий самарадорлигини баҳолаш учун таклиф қилинган илмий кўрсаткич ҳисобланади. «h-индекс» - бу олим ёки тадқиқотчининг илмий фаолиятидаги чоп қилинган нашрлар сони ва ушбу нашрларнинг иқтибослар сонига асосланган миқдорий характеристикасидир. Демак «h-индекс» нинг қиймати бевосита чоп қилинган нашрлар ва уларга берилган иқтибослар сонига бевосита боғлиқ. Мен асосан импакт фактор (Impact Factor) юқори ҳамда ўқувчиси кўп бўлган журналларда илмий ишларим натижаларини чоп қилганман. Одатда мақола миқдоридан кўра сифатига эътибор қаратганман.

-Ёш тадқиқотчиларга илмий мақола ёзиш бўйича тавсияларингиз?

- Ёш тадқиқотчиларга кўпроқ ўз йўналишларида юқори рейтингга эга журналлардаги илмий мақолалар билан танишиб туришни маслаҳат бераман. Натижада янги илмий кўникмалар ва ғояларга эга бўлишади. Ўз илмий ишланмалари натижаларини мақола сифатида чоп қилишда Science Citation Index – SCI (биз одатда Web of Science деб атаймиз) маълумотлар базасидаги журналларга кўпроқ эътибор беришни тавсия қилардим. “Scopus” ва “Science Citation Index” (SCI) маълумотлар базалари, бу иккаласи ҳам иқтибос индекслари асосида иш кўради. “Scopus” – Elsevier га, Science Citation Index (SCI) эса “Clarivate Analytics” (собиқ Thomson Reuters) га тегишли. Scopus фан, технология, тиббиёт ва ижтимоий фанлар соҳасидаги мустақил журналларга эътибор қаратса, SCI асосан техник ва илмий нашрларни, жумладан, табиий ва ижтимоий фанларни индекслайди. Scopus ва SCI томонидан индексланган журналлар индексланмаганларга қараганда анча яхши ва улар ўртасида қаттиқ рақобат мавжуд. Scopus томонидан индексланган Elsevier журналлари сифат ва долзарблик нуқтаи назаридан SCI томонидан индексланган журналлардан бироз заифроқ. Бунинг сабаби шундаки, SCI индекслаш маълумотлар базаси журналларнинг ҳақиқийлиги, ишончлилиги, сифати, янгилиги ва академик долзарблигига катта аҳамият беради. Шунинг учун, SCI журналлари нашр қилишнинг қатъий қоидаларига амал қилади. Бошқа томондан, Scopus нашриёти бўйича кўрсатмалар ҳам қатъий, аммо уларга риоя қилиш нисбатан осонроқ. Журнал сифатини индекслаш маълумотлар базаси томонидан баҳолаш SCI да камроқ журналлар ва Scopus да кўпроқ журналлар индексланишига олиб келади. Хулоса ўрнида айтаманки, Scopus миқдори жиҳатдан, SCI эса сифат жиҳатидан каттароқдир. Шунинг учун, агар сиз илмий мақолангизнинг салоҳиятига ишончингиз комил бўлса, Scopus эмас, балки SCI журналларини кўриб чиқишингиз ва танлашингиз керак. Чунки деярли барча SCI да индексланувчи журналлар Scopus базасида ҳам индексланади, аксинча кўпгина Scopus да индексланувчи журналлар SCI базасида индексланмайди. Хорижда кўпроқ SCI базасидаги журналларда мақола чоп этганингиз асосида сизнинг илмий салоҳиятингизни баҳолашади. SCI базасидаги журналларнинг деярли ҳаммаси импакт фактор (Impact Factor) қийматига эга. Оддийроқ қилиб айтганда, агар сиз “SCI базаси” да мақола чоп қилсангиз, якунда камида “Scopus базаси” да мақола чоп қилган бўласиз.



Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати ходими
Беҳруз ШАМСИДДИНОВ суҳбатлашди,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42

Дональд Трамп муҳожирларни депортация қилиш қарорига изоҳ берди

АҚШда президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп сайловолди кампаниясидаги оммавий депортация ҳақидаги ваъдасини бажаришдан...
12-11-2024, 15:30

Trillion qulaylik imkoniyatlari: har bir foydalanuvchi uchun METTA stullari

Qiziqarli fakt: METTA innovative ergonomics kompaniyasi har bir inson uchun Yer yuzida boshqа о’rindiqlardan farq qiluvchi o‘zigа xоs...
12-11-2024, 15:05

Ўзбошимчалик билан эгалланган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги Қонун кучга кирди

Кеча, 8 ноябрь кунидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди....
8-11-2024, 22:46

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
8-11-2024, 22:44
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Scopus маълумотлар базаси ўзи нима? Унда қандай қилиб мақола чоп этиш мумкин?