Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақа

Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Марказий Осиё – Хитой” саммитидаги иштироки, нутқи халқимиз, мамлакатимиз учун манфаатли бўлишига ишонаман.

Президентимизнинг халқаро майдонлардаги ҳар бир чиқишини диққат билан эшитиб, хулоса чиқаришга, таҳлил қилишга ҳаракат қиламан.

Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақа

Бугун Ўзбекистон дунё дипломатиясида ўзига хос ўрин тутади. У Европа, Осиё бўладими, Марказий Осиёми, барчаси учун Ўзбекистон томони ишончли ҳамкор, стратегик шерик мақомига эга. Бу вазият “Марказий Осиё–Хитой” саммитида ҳам яққол кўзга ташланди.


Бугун Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган таклифлар, фикр ва ғояларга БМТ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти ва бир қатор халқаро тузилмаларда алоҳида эътибор қаратилмоқда ва улар юзасидан резолюциялар қабул қилинмоқда.


Ўзбекистон минтақа давлатлари орасида ўз сўзига, нуфузига, қатъий позициясига эга эканлиги алоҳида эътироф этилмоқда. Айниқса, Ўзбекистоннинг Афғонистон борасидаги таклифлари, ташаббуслари, амалий ишлари жаҳон ҳамжамияти томонидан ғоятда қадрланмоқда.


Президентимиз нутқидаги эътиборимни тортган яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлашни истайман. Бу халқимиз турмуш даражасини ошириш, қишлоқ инфраструктурасини янада яхшилаш борасидаги аниқ таклифлардир:

“Ишончим комил, аҳоли ҳаёт даражасини ошириш ва ҳудудларни, энг аввало, қишлоқ туманларини ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгиланган қўшма дастурни қабул қилиш ва амалга ошириш халқларимиз томонидан қўллаб-қувватланади ҳамда бу 2030 йилгача бўлган Кун тартибидаги мақсадларга эришиш йўлида умумий ҳиссамиз бўлади.”

Президентимиз халқаро минбарлардаги нутқ ва маърузаларида ҳам халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш борасида ўйлайди, фикр юритади.

Бугун нафақат Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиёда энергетик муаммолар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Мазкур масаланинг ечимига бир ҳудуд, бир мамлакат миқёсида эришиш амри маҳол. Президентимиз ўз нутқида бу борада ҳам аниқ таклифларни илгари сурганлиги эътиборга сазовор: “Хитойнинг қуёш, шамол ва гидро-энергетика, шунингдек, лойиҳаларни қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситалари соҳасида технологик жиҳатдан етакчи эканини ҳисобга олиб, муқобил энергетика бўйича яқин илмий-амалий шерикликни кенгайтириш зарур...”


Экологик муаммолар бугун бир ҳудуд, бир минтақа доирасидан чиқиб кетиб, бутун дунё дардига, кулфатига айланганлигини кўряпмиз. Орол денгизи ҳам нафақат Марказий Осиёнинг, балки бутун Осиёнинг ва дунёнинг глобал экологик муаммосига айланиб бўлган.

Ўзбекистон Президенти Орол муаммосини ҳатто БМТ минбарларигача олиб чиқди. Ўзбекистон томони бу борада қўл қовуштириб тургани йўқ. Орол бўйича қисқа вақт ичида улкан лойиҳалар амалга оширилди. Бу жараён изчиллик билан давом этмоқда. Лекин мазкур муаммога дунёнинг қудратли мамлакатлари эътиборини қаратиш масаласи ҳам жуда муҳимдир. Президентимиз саммитидаги нутқида ҳам Орол бўйича алоҳида тўхталди: “Оролбўйидаги экологик муаммоларни ҳал этиш, биохилма-хилликни ҳимоя қилиш, музликлар ва тупроқ ҳосилдорлигини сақлаш, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда ҳам самарали ҳамкорликка тайёрмиз.”

Ўзбекистон Президенти минтақадаги тинчлик ва хавфсизликка, таҳдидлар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Чунки, мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги айнан мана шу тамойилларга боғлиқ.


Дунё барқарорлиги бугун ҳар қачонгидан-да оғир аҳволда эканлигидан кўз юмиб бўлмайди. Мустақил давлатларнинг ички ишларига аралашиш, ҳудудий яхлитлигига хавф солиш, чегаралар муаммоси ва трансчегаравий дарёлардан биргаликда фойдаланиш борасида пайдо бўлаётган зиддиятларга бефарқ қарамаслик бугун ҳар қачонгидан-да зарур.

Минг афсуски, уруш оловини ёқишга, турли низоларни келтириб чиқаришга уринишлар ҳамон давом этмоқда. Дунёда юз бераётган урушлар нафақат икки томон, балки бутун минтақа тараққиётига, хавфсизлигига, барқарорлигига реал таҳдид эканлигини кўриб, билиб турибмиз.
Ўзбекистон тинчлик борасида бутун дунё учун ўрнак бўладиган ишларни амалга ошираётганлиги халқаро экспертлар томонидан ҳам тан олинмоқда, эътироф этилмоқда.

Президентимиз саммитдаги нутқида иштирокчилар эътиборини яна бир муҳим масалага қаратганлиги кўпчиликка манзур бўлди: “Марказий Осиё давлатлари ва Хитой махсус хизматлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида уч ёвуз куч, наркотрафик, трансчегаравий ва кибер жиноятчиликка қарши курашда яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этамиз.”


Ўзбекистон томони дипломатия учун жуда муҳим бўлган ўзаро ишонч, ҳурмат, ҳар иккала томон манфаатларини ҳисобга олиш, оғир вазиятларда кўмаклашиш, халқаро доираларда қўллаб-қувватлаш тамойилларига доимо содиқ қолишини амалда исботлаган.

Ҳар қандай шароитда дўстларга елка тутиш халқимизга хос бўлган фазилатдир. Бу анъанага содиқ қолган Президентимиз саммитдаги нутқига қуйидаги фикрлари билан хулоса ясади: “Бизнинг мамлакатларимиз стратегик шерик ва ишончли дўстлардир. Бизнинг ўзаро ишонч, ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш принципларига асосланган кўп йиллик ҳамкорлигимиз ҳеч қачон сиёсий конъюнктураларга боғлиқ бўлмаган. Бугунги халқаро муносабатларда қарама-қаршилик кучайган ва оқибатини олдиндан айтиб бўлмайдиган шароитда ҳам биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз ва халқларимиз учун фаровон келажакни биргаликда қуряпмиз.”

“Марказий Осиё – Хитой” саммити бугунги дунёга янада теранроқ қарашимиз кераклигини, ҳушёрликни ошириш зарурат эканлигини яна бир марта англатди.

Саммитдан олган таассуротларимиз, хулосаларимиз келгуси муносабатларимизда янада ёрқинроқ намоён бўлишига ишонаман. “Марказий Осиё – Хитой” саммити мунтазамлик касб этиб, минтақа ривожи ва тараққиётида муҳим ўрин тутади, мамлакатларимиз иқтисодий имкониятларини оширади, ўзаро борди-келди, савдо-сотиқ ишларини юксак даражага олиб чиқишга хизмат қилади.

Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети: Квант ҳафталиги бўлиб ўтмоқда...

Халқаро анжуманда АҚШ нинг Далласдаги Техас университети Нанотехнология институти директори ўринбосари, ITMO университети гибрид нано...
11-12-2024, 11:52

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Марказий Осиё бутунлай янги – жипслашган ва кучли, мулоқот ва кенг кўламдаги шериклик учун очиқ минтақа