Меҳр туйғуси муқаддас. Инсон бир умр меҳр умидида яшайди. Ҳаётини меҳрсиз тасаввур этолмайди.
Ўз навбатида меҳр тушунчаси турли табақаларга бўлинади. Яқинларнинг меҳри. Дўстларнинг меҳри. Оила меҳри...
Лекин инсон меҳрнинг бу кичик йўлларини бирлаштирувчи жамият меҳри, давлат меҳри, Президент меҳрига ҳам муҳтожлик сезади.
Лекин яқин тарихимизда инсонга меҳрнинг айнан мана шу олий категориялари яъни жамият, давлат, Президент меҳри етишмади, деб ўйлайман.
Бу нималарда кўзга ташланади?
Жамиятнинг меҳрсизланиши инсоннинг ўзи мансуб бўлган жамиятдан узоқлашишига олиб келди.
Бепарволик, лоқайдлик ортади. Ўзаро меҳр-оқибат йўқолади. Миллий қадриятлар оёқ ости бўлади.
Бу жамиятнинг маънавий инқирозидан даракдир.
Давлатнинг ўз фуқароларига меҳрсизлиги давлат ва инсон ўртасидаги ўзаро ишончни йўқолишига сабаб бўлади. Бунинг натижасида тарихда жуда кўплаб салтанатлар емирилган. Куч ва қудрат ўрнини хиёнат эгаллаган. Давлат ва инсон ўртасида ўтиб бўлмас жарлик ҳосил бўлишига олиб келган.
Президент меҳри инсонга ҳар қачонгидан-да бугун ўта зарур ва муҳимлигини, кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.
Мамлакат раҳбари ва миллат якдил бўлмаган юртда тараққиёт ҳам тинчлик ҳам, тотувлик ҳам бўлмайди. Президент меҳридан ҳар бир ватандошимиз баҳраманд бўлишга ҳақли албатта.
Дунёни кузатсак, бугун меҳр ўрнини қаҳр, муҳаббат ўрнини нафрат, эзгулик ўрнини разолат эгаллаганини кўрамиз.
Ҳа, меҳр тамойили ҳукмрон бўлмаган жамиятларда зулм устуворлик қилаётгани ҳам бор гап. Бу эса шундоқ ҳам чигаллашиб бораётган ўзаро муносабатларнинг боши берк кўчага кириб қолишига олиб келмоқда.
Демак, жамиятлар янгиланиши, ривожланиши, юксалиши учун ҳам, аввало, меҳр бўлиши керак. Меҳр барча муносабатларимизни ўзаро тартибга солиб туриши шарт ва зарурдир.
Президент Шавкат Мирзиёев давлат бошқарувига келиши билан миллатга меҳр кўрсатиш ишига бел боғлади.
Президентимизнинг меҳри мамлакатимизнинг энг чекка қишлоқ ва овулларигача етиб борди, дейишга бугун тўла асосларимиз бор.
Меҳр қандай пайдо бўлади? Қандай туғилади?
Менинг назаримда меҳр туйғуси, энг аввало, халқини яхши кўрадиган инсонда бўлади.
Халқнинг дардларига дармон бўлиш, эшитиш, кўнглига йўл топиш, қалбига қулоқ солиш ва халқни рози қилиш учун ҳам биринчи навбатда халқни яхши кўриш, халқни севиш керак.
Менинг фикримча, Шавкат Мирзиёев 2016 йилдаёқ халқ билан давлат ўртасида пайдо бўлган мана шу бўшлиқни, меҳрсизлик жарлигини тўлдиришга киришди.
Бу осон бўлгани йўқ, албатта.
Чунки халқ ишончи давлатга нисбатан сўниб бўлган ўша кунларда меҳр оловини ёқиш учун жуда катта куч, жасорат, матонат ва букилмас сиёсий ирода зарур эди.
Атрофдагилар лоқайдлик гирдобида қолган ўша кунларда Президент Шавкат Мирзиёв фақат одамлар орасига интилди. Халқ ичига кириб борди. Муаммолар билан бирга қолган, бирга яшаётган одамлар кўзини меҳр нурлари қамаштирар эди.
Президент Шавкат Мирзиёев очган йўллар нимаси билан муҳим, қадрли?!
Бу йўллар меъмори бир буюк мақсадни ўз олдига қўйган. Бу йўллардан ҳеч қачон ортга қайтиб бўлмайди. Бу йўллар ўзанини ҳеч қачон ортга буриб бўлмайди. Бу йўлларда ҳаракат фақат бир томонлама. Олдинга юрилади. Ортга эмас.
Президент меҳри, энг аввало, мурғак болаларимиз, талабаларимиз, қолаверса, ўқитувчи ва шифокор елкасидаги залворли пахта юкини олиб ташлади.
Тарихда биринчи марта Ўзбекистонда мажбурий меҳнат бекор қилинди. Буни дўст ҳам, душман ҳам эътироф этди. Мустабид тузумдан мустақилликка бемалол ўтган пахта қуллигига барҳам берилди.
Халқларимизнинг асрий орзуси, ҳеч қачон етиб бўлмас нияти, бир бутун Марказий Осиё ғояси ҳам Президент Шавкат Мирзиёевнинг нафақат халқимизга, балки Марказий Осиё халқларига бўлган меҳри туфайли амалга ошди. Бунгача, бечора дини бир, тили бир, дили бир, ўтмиши, кечмиши бир бўлган Марказий Осиё халқлари қандай аянчли кунларни бошидан ўтказди.
Бир-бири билан уруштирилди, ер-сув талашди. Бир-бирининг йўлига ҳатто мина қўйди. Бунинг натижасида қанчадан-қанча айбсиз инсонлар қурбон бўлди.
Ўшанда нафақат чегараларга балки инсонларнинг қалбларига ҳам тиканли симлар тортилди. Оддий одамларнинг фарёди кўкка етса-да юракларга етиб бормади.
Президент Шавкат Мирзиёев БИР БУТУН МАРКАЗИЙ ОСИЁ ғоясининг асосчиси ва муаллифи сифатида тарихда қолади. Аслида бу Берлин деворининг қулашидан-да муҳимроқ воқеадир.
Президент меҳри туфайли ўзи, оиласи Ўзбекистонда яшаса-да, болалари Ўзбекистонда туғилса-да фуқаролик ололмай юрган, камситилган, ҳуқуқлари чорак аср давомида поймол этилган минглаб юртдошларимизга Ўзбекистон фуқароси мақоми берилди.
Ўшанда уларнинг кўз ёшларини кўриб, армонларини тинглаб қанчалик оғир бўлганлигини ич-ичимдан ҳис этган эдим. Ўша даврнинг калтабин сиёсати туфайли бундай тақдир хорижда юрган юртдошларимизнида четлаб ўтмаган эди. Бундай улкан муз тоғини эритиш учун қуёшдай меҳр зарур эди.
Президент меҳри туфайли қоғозда бор, амалда йўқ инсон ҳуқуқларини таъминлаш йўлида дадил қадамлар ташланди.
Инсонга аввало, яшаш, ишлаш, уй-жой олиш, фарзандларини ўқитиш, тадбиркорлик қилиш, ўз ишини очиш имконияти берилди.
Ҳа, унгача булар фақат қоғозда эди. Бунинг натижасида жуда кўп истеъдодли, иқтидорли ҳамюртларимиз ватанимизни ташлаб четга чиқиб кетишга мажбур қилинди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини чеклаш, унга яшашга имкон бермаслик. Инсоннинг ўзи мансуб бўлган жамиятга нисбатан нафрат ва алами ортишига олиб келади.
Биз кўпроқ негатив статистикани ўқиб, эшитиб ўрганиб қолганмиз.
Президент Шавкат Мирзиёв ислоҳотлари ишонч уйғотиб, бир-неча юз минглар юртдошларимиз Ватан ва оила бағрига қайтиб келганлиги, ўз билим ва тажрибасини мамлакатимиз тараққиёти йўлида сарфлаётганини ҳам ҳисобини олиб бориш шарт ва зарурдир.
Президент Шавкат Мирзиёев меҳри туфайли мамлакатимизда ўрнатилган ижтимоий адолат, ижтимоий тенглик, қонун устуворлиги халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.
Ижтимоий адолат тамойилига бўйсўндирилган ислоҳотлар умумхалқ мақсадига айланди.
Ижтимой адолат туфайли уйсизлар уйли, ишсизлар ишли бўлди.
Камбағаллик ногиронлик ёки касаллик туфайли ўта оғир аҳволга тушиб қолган, жамиятдан узилиб қолган, инсонлар тақдирини ўнглаш давлатимизнинг диққат марказига кўтарилди.
Ўзбекистонда йиллар давомида раҳбарлар қабулиги кириб бўлмаслик синдроми ҳукмронлик қилди.
Одамлар ўз ёғига ўзи қоврилиб яшашга маҳкум этилган эди. Бунинг натижасида жойларда ижтимоий муаммоларнинг кескин ошиб кетиши кузатилди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқимизга бўлган чексиз меҳри туфайли, тарихда биринчи марта Вазир, Президент маслаҳатчиси, вилоят ҳокими, Олий суд раиси, бош прокурорнинг сайёр қабуллари институти ташкил этилди.
Бу институтнинг, ҳатто, энг демократик давлатларда ҳам йўқлиги унинг қийматини яна бир-неча баробар оширади. Бу институт узоғини яқин, мушкулини осон қилиши билан одамлар қалбидан чуқур ўрин олди. Муаммоларни жойида ҳал этиш, қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этишнинг ўзига хос механизимига айланди.
Президент меҳри туфайли давлат идоралари олдига ўрнатилган, давлат ва халқ ўртасидаги ўзига хос тўсиқ сифатида қаралган темир панжаралар олиб ташланди.
Бу ўзгариш ҳам одамларда ишонч пайдо бўлишига олиб келди. Одамларни эркин ҳаракатланишига, давлат муассасаларига эмин-эркин кириб чиқишларига имконият берди.
Тўсиқлар нафақат бинолар олдидан балки, одамларнинг юрагидан олиб ташланганлигини алоҳида эътироф этишни истайман.
Президентнинг меҳри туфайли номи бору ўзи йўқ маҳалла институти бутунлай янгича, замонавий қиёфа касб этди.
Ўзбекистондаги бугунги маҳалла институтининг дунёда на қиёси, на муқобили йўқлигини халқаро экспертлар ҳам тан олмоқда. Тажриба алмашиш, ўрганиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришмоқда.
Бундан кўзланган мақсад нима?
Президент ислоҳотларини халққа янада яқинлаштириш, ижросини таъминлаш, тушунтириш, осонлаштириш, соддалаштириш, юқоридан қуйига эмас, балки қуйидан юқорига олтин қоидасига амал қилишдир.
Президент меҳри туфайли Ўзбекистонда сўз эркинлиги, фикр эркинлиги таъминланди.
2016 йилдан бошлаб унгача мавжуд бўлган босма нашрлар ва радио, телевидиниядан фарқли равишда ижтимоий тармоқлар фаоллиги кўзга ташланди.
Мустақил веб-сайтлар, телеграм каналлар, блоглар пайдо бўлди. Уларни эркин фаолият юритишига мамлакат раҳбарининг шахсан ўзи кафолат берди.
Инсонларни айтган фикри учун жазолаш, таъқиб этиш, яқинларига тазйиқ ўтказиш қайсидир маънода тарихга айланди.
Давлат ОАВ билан бир қаторда мустақил, хусусий ОАВ фаолият кўрсатиши, журналистик ишини бемалол олиб бориш учун барча имкониятлар яратилди. Уларнинг барча ҳуқуқ ва ваколатлари тенглаштирилди. Аралашувлар, тўсқинлик қилиш каби сурункали иллатларга қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда.
Бу эзгу амаллар эътирофини яна узоқ давом эттирса бўлади. Аммо мақсадимиз бу эмас.
Президент меҳри туфайли обод бўлаётган Ватанимиз, фикр қуллигидан қутулган миллатимиз олдидаги масъулият ҳеч қачон камаймаслигини юрагимдан ҳис этаман.
Давлат, жамият меҳрсиз яшолмайди. Тараққий этмайди, ривожланмайди, юксалмайди. Миллат рўшнолик кўрмайди. Бу ҳақиқатни Президентимиз даражасида англашимиз зарур.
Ўзбекистон – меҳр мамлакати...
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.
Самарқанд давлат университети ректори,
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.