Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов Цукуба университети ректори, Япония давлат университетлари ректорлар кенгашининг президенти Кёсуке Нагата бошчилигидаги делегацияни СамДУ Муҳандислик физикаси институти ҳамда Биокимё институти фаолияти билан яқиндан таништирди.
Мартабали меҳмонларларга Сенат раисининг биринчи ўринбосари, Сенатор Содиқ Сафоев, Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Хуршид Очилов, “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети биринчи проректори, профессор Жўлибой Элтазаров, Цукуба университети профессори Тимур Дадабоевлар ҳамроҳлик қилди.
- Икки кундан буён Самарқанд давлат университетидамиз. Кеча ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдик, - дейди Цукуба университети вице-президенти Жун Икеда. – СамДУ Муҳандислик физикаси ва Биокимё институти фаолиятини кўздан кечириб, тўғри йўл тутганимизга ишонч ҳосил қилдик. Бу ерда ажойиб илмий муҳит шаклланган. Тадқиқот ва кашфиётлар қилиш учун барча имкониятлар мавжуд. Илмий лабораторияларда Японияда ишлаб чиқарилган замонавий техник жиҳозларнинг борлиги мени хурсанд қилди. Зоология музейида ноёб экспонатлар кўп экан, ўзим учун янги ҳайвонот оламини кашф қилдим. СамДУга Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжарнинг ташриф буюргани бу жуда катта воқеа. Унинг номида лаборатория ташкил қилинганлиги бизда катта таассурот қолдирди. Институт биноларига миллий урф-одатла ва қадриятлар ҳамда тарихий ёдгорликларни суратлари қўйилганлиги мени эътиборимни тортди. Айниқса, ота-она сиймоси ва қишлоқ ҳаётидаги лавҳаларнинг мавжудлиги болалигимни ёдга солди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.