Самарқанд давлат университетида Али Қушчи таваллудининг 620 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топганлигининг 80 йиллигига бағишланган «Али Қушчи – Мирзо Улуғбек илмий мактабининг буюк элчиси» мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади. Самарқанд вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ўтказилган икки кунлик анжуманда АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Озарбайжон, Туркия каби давлатлардан 30 дан зиёд олимлар иштирок этди.
Халқаро анжуман вилоят ҳокимлиги, Самарқанд давлат университети, Ўзбекистон Фанлар Академияси Математика, Астрономия институти ҳамкорлигида ташкил этилди.
Самарқанд давлат университетида ушбу конференцияни 21 сентябрь куни ўтказилаётгани ҳам бежизга эмас. 1420 йил мазкур тарихий санада Мирзо Улуғбек мадрасасида илк бор Али Қушчи талабаларга маъруза ўқиган...
Нуфузли анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўз билан очди:
- Илм-фаннинг ривожланишида буюк аждодларимизнинг илмий ишлари катта ҳисса бўлиб қўшилганлиги тарихий ҳақиқат. Уларнинг илмий меросини асраб-аввайлаш ва келажак авлодларга етказиш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, буюк ўзбек олими, математик ва астроном Алоуддин Али ибн Муҳаммад ал-Қушчиномини фахр билан эътироф этамиз. 2023 - йилда Али Қушчи таваллудига 620 йил тўлди. Шу билан бирга бу йил мамлакатимиз илм-фан тараққиётида катта ҳисса қўшиб келаётган Ўзбекистон Фанлар Академиясининг ҳам ташкил топганига 80 йил тўлди… Албатта, ушбу конференция учун айнан Самарқанд танлангани бежиз эмас. Қарийб уч минг йиллик тарих ва маданиятга эга бўлган бу кўҳна шаҳар асрлар давомида Буюк ипак йўлидаги муҳим чорраҳа бўлиб келган... Конференциянинг мақсади Мирзо Улуғбек мактаби ва Али Қушчи илмий меросини чуқур ўрганиш, математика ва астрономиянинг турли йўналишларининг бугунги ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш, ёшларни илмий тадқиқот соҳасига кенг жалб қилиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси самарадорлигини ошириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни кучайтиришдан иборатдир...
Шундан сўнг Самарқанд вилоят ҳокими, Сенатор Эркинжон Турдимов сўзга чиқиб, Самарқанд давлат университети куни муносабати билан билан университетдаги барча профессор-ўқитувчиларни табриклади. Али Қушчининг илм-фан ривожидаги ҳиссаси ва ўрни, унинг асарлари ҳамда ҳаёт йўлига тўхталди:
- Бугун биз Али Қушчи каби бетакрор ва улуг аллома меросига мурожаат қиляпмиз. Зеро, бу математик ва астроном олим фаолиятига бағишланган анжуманнинг Самарқандда ўтказилишига рамзий маъно бор. Чунки, Али Қушчи ХV асрда Самарқандда туғилиб, вояга етди, камол топди ҳамда илмий асарларини араб ва форс тилларида ёзиб қолдирди. Бинобарин, Али Қушчи ўз асарларида Самарқанд илмий адабий муҳитининг қудрати ва салоҳиятига юксак баҳо берган. Бу ҳақда бир нечта рисолаларини ёзган…
Халқаро анжуманнинг ялпи мажлисида Ўзбекистон Қаҳрамони, ЎзРФА В.И.Романовский номидаги Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов, АҚШ нинг Далласдаги Техас университети Нанотехнология институти директори ўринбосари, ИТМО университети гибрид нано фотоника ҳамда оптоелектроника лабораторияси мудири, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Анвар Зоҳидов, Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев, Боку давлат университети ректори, профессор Элчин Бабаев, Хитой фан ва технология университети профессори Ши Юнли, Жанубий Кореанинг Ёнсей университети профессори Эун Ҳеэ Леэ каби машҳур олимлар маъруза билан иштирок этди.
Анжуман “Математик анализ”, “Алгебра ва геометрия”, “Дифференциал тенгламалар ва математик физика”, “Эҳтимоллар назарияси ва математик статистика”, “Ҳисоблаш математикаси ва математик моделлаштириш”, “Мирзо Улуғбек мактаби ва Али Қушчи илмий мероси ва уларнинг астрономия фанининг ривожланишидаги ўрни” каби шўбаларга бўлинган ҳолда давом этмоқда…
- Бугун Самарқанд давлат университети кунини нишонлаш менга ҳам насиб қилди, - дейди Анвар Зоҳидов. - Тарихий кун муносабати билан СамДУ да жаҳоннинг энг машҳур физик, математик ва астроном олимлари жамланган. Анжуманда математика, физика ва астрономия соҳаларидаги илмий тадқиқотларнинг натижалари фан ва таълим уйғунлашишининг устувор томонлари муҳокама қилинди. Бугун менга Рустам Холмуродов Самарқанд давлат университетининг “Фахрий профессори” унвонини топширди. Бу мен учун шараф. Жорий йил ҳисобидан Самарқанд давлат университетига учинчи бор ташриф буюришим. Мазкур конференция доирасида СамДУдаги Марказий Осиёда ягона бўлган “Самарқанд квант маркази” очилди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.