Нузуфли анжуманда Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов, илмий жамоатчилик вакиллари, олимнинг оила аъзолари иштирок этди.
Шунингдек, ЎзРФА президенти Бекзод Юлдашев, ЎзРФА қошидаги Ядро физикаси лабораторияси директори, профессор Илҳом Содиқовлар онлайн маъруза қилди.
Конференцияни Рустам Холмуродов кириш сўзи билан очди:
- Толиб Мўминов Самарқанд давлат университетини битирган 10 нафар академикдан бири. У кишининг ташаббуси билан Самарқанд давлат университетида ядро физикаси илмий лабораторияси ташкил этилган. Ўзбекистонда ягона бўлган мазкур лабораторияда ўнлаб халқаро грантлар, ядро соҳаси бўйича долзарб илмий ишлар амалга оширилмоқда... Атоқли олимларнинг ҳаёт йўли, таълим ва илм-фандаги ютуқлари, инсонийлик фазилатлари талабалар ва ёш тадқиқотчилар учун ибрат бўлиб хизмат қилади. Толиб Мўминов ана шундай юксак фазилатли олимлар сарасига кириши билан республика физика фани тарихида абадий қолади…
Маросимда сўзга чиққан олимлар академик Толиб Мўминов ҳақида хотираларини ёдга олиб, илиқ фикрарини билдирди.
Бекзод Юлдашев, ЎзРФА президенти, академик:
- Толиб Мўминов раҳбарлигида яратилган ядро физикаси усуллари ва тезлатгичлар мажмуасидан фойдаланиб республикамиз радиоэкологиясига оид изланишлар ўтказилди ва материалларга протонлар ва электронлар билан радиациявий ишлов бериш усуллари ишлаб чиқилиб, жорий қилинди. Жумладан, радиоактивлиги кам ва ўта кам бўлган табиий ва техноген намуналар таркибида радионуклидларни аниқлашнинг янги, ўта сезгир гамма-спектрометрия услублари ишлаб чиқилди. Улар асосида табиий ва техноген намуналарнинг 1000 дан ортиқ турининг элемент ва радионуклид таркиби ҳақида янги саноат, қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳит экологияси учун муҳим натижалар олинди. Толиб Мўминов ҳаёти давомида Ўзбекистонда фанни ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлашда салмоқли ҳисса қўшган йирик олим ва ташкилотчи сифатида чуқур из қолдирди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.