У узоқ умр кўриш гарови, қандли диабет душмани
Топинамбурни халқимиз “ерноки” деб ҳам атайди. Топинамбур – ер юзида кенг тарқалган энг муҳим озиқ-овқат, ем-хашак экинларидан биридир. Ерноки ёки топинамбурнинг ватани Шимолий Америка. Америкалик ҳиндулар уни узоқ умр кўриш воситаси дейишади. Чунки, унинг танани умумий қувватини оширувчи хусусиятлари бисёр.
Мамлакатимиз ҳудудида ХХ асрнинг ўрталарида топинамбур ёввойи ҳайвонларни боқиш учун ов хўжаликларида, шаҳар боғлари ва дам олиш жойларида эса манзарали ўсимлик сифатида экила бошланган. Яқин вақтгача бу ўсимлик деярли ҳар бир уй томорқасида экиларди. Совуққа чидамли ва парваришлаш оддий бўлган чиройли сариқ гуллари бор. Лекин унинг нафақат мазали, балки фойдали бўлган тугунаклари қимматбаҳо саналади.
Ернокдан мунтазам истеъмол қилиб турилса, аъзоларга туз йиғилиши, 2-тур қандли диабет, меъда-ичак хасталиклари, камқонлик, атеросклероз, буйрак ва сийдик йўлларида тош ҳосил бўлишида, асаб касалликларининг олдини олишда жуда қўл келади.
Баргидан салат тайёрланса фақат қандли диабетнигина эмас, балки гипертония, меъда ости бези хасталикларини даволашда ҳам аҳамияти жуда каттадир.
Топинамбурнинг ер ости туганакларидан тайёрланган қайнатма қондаги қанд миқдорини камайтирибгина қолмай, балки қон босимини ҳам туширади. Меъда ости безининг иш фаолиятини яхшилайди, қондаги гемоглобин миқдорини оширади.
Ўзбекистон бозорларида ўсимликнинг илдиз мевалари кузда пайдо бўлади. Топинамбур витаминлар, клетчатка, инулин, пектин ва фруктоза, шунингдек, темир, кальций, калий, магний, мис, фосфор, цинк ва кремнийнинг минерал тузларига бой.
Тугунакида мавжуд бўлган инулин қонда шакар миқдорини меъёрлаштиради, ошқозон ости безига фойдали таъсир кўрсатади. Жигарни ҳимоя қилади ва сафро чиқишини кучайтиради. Жигар ва ўт пуфагида тош ва қум ҳосил бўлиш жараёнини секинлаштиради.
Озишга ёрдам беради. Бунинг сабаби, илдиз мевалари углевод ва ёғ алмашинувини нормаллаштиришга, қонда холестерин даражасини пасайтиришга олиб келади.
Улар диуретик ва яллиғланишга қарши таъсирга эга. Танадан ортиқча тузни чиқарувчи восита сифатида тавсия этишади. Шиш, подагра, остеохондроз касалликларида наф келтиради.
Топинамбурдан гипертония, атеросклероз, тахикардия, стенокардия ва юрак-қон томир касалликларида фойдаланиш тавсия этилади.
Иммунитетни оширади. Топинамбур илдизидаги аскорбин кислотасининг юқори миқдори тананинг ҳимоя кучларини фаоллаштиришга ёрдам беради.
Бундан ташқари, илдиз мевалари фосфор ва аргининга бой бўлиб, улар чидамлилик ва жисмоний кучга қаршиликни оширади.
Умурзакова Зебинисо
Самарқанд давлат университети
ботаника кафедраси профессори.