Юртимизда рўй бераётган янгиланишлар ва тобора жадаллашиб бораётган тараққиёт суръатлари ҳам кўп жиҳатдан иқтисодий омилларга, хусусан ер ресурсларидан оқилона фойдаланишга боғлиқ.
Қайд этиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида ер омилига алоҳида урғу берилмоқда.
“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонун айни шу йўналишдаги муҳим ҳужжатдир.
44 моддадан иборат ушбу қонунда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштиришга доир муносабатларнинг барча муҳим жиҳатлари қамраб олинган.
Қонунда ер участкаларини хусусийлаштириш тамойиллари, объектлари, субъектлари, шакллари ҳамда ушбу йўналишдаги асосий тушунчалар ўз ифодасини топган.
Ушбу қонун бўйича сўзга чиққан сенатор Б. Тожиев мазкур ҳужжатнинг асосий тушунчаларига тўхталиб ўтди.
Жумладан, унда хусусийлаштириладиган ерлар ва уларда жойлашган кўчмас мулк объектларининг бирлиги, очиқлик ва шаффофлик хусусийлаштиришнинг асосий тамойиллари сифатида белгиланган бўлса, юридик ва жисмоний шахсларга мулк ҳуқуқи асосида берилган ерлар, бўш ер участкалари ҳамда Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига берилган ерлар хусусийлаштириш объектлари этиб қайд этилган.
Ер участкаларини хусусийлаштириш субъектлари сифатида фақатгина Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар белгиланганини алоҳида қайд этиш лозим.
Қонуннинг айни шу жиҳати ўзида миллий манфаатларни ифода этгани билан аҳамиятлидир.
Ўз навбатида шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ҳамма ерлар ҳам хусусийлаштирилавермайди. Қонунда бу борада аниқ норма белгиланган, дея хабар қилди "Халқ сўзи".