Халқаро психология фанлари академияси билан ҳамкорликда ўтказилган анжуманда Россия, Қозоғистон, Белоруссия, Озарбайжон давлатларидан 30 га яқин нуфузли олимлар иштирок этди.
Мазкур конференция Халқаро психология фанлари академиясининг 10 йиллигига бағишланди. Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад халқаро алоқаларини ривожлантириш, психологик долзарб тадқиқотларни ҳамкорликда олиб бориш, юқори индексланадиган журналларда мақолалар эълон қилишдан иборат.
Тадбирни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов анжуманни кириш сўзи билан очиб берди:
- Самарқанд давлат университетида 20 йилдан буён психологлар тайёрланади. Ушбу йўналиш битирувчилари турли соҳаларда – таълим, соғлиқни сақлаш, ички ишлар идоралари, маданият, оммавий ахборот воситалари, спорт ва бошқа йўналишларда психолог мутахассис сифатида фаолият юритмоқда. Самарқанд давлат университети мазкур Конгресс доирасида россиялик олимлар билан ҳамкорлик тўғрисида янги меморандумлар имзолашни режалаштирмоқда. Анжуманда бизнинг ютуқларимиз ва психологиянинг турли соҳаларида тажриба алмашишнинг анъанавий форматидан ташқари, Ўзбекистонда психология фанининг ривожланиш методологияси, услубий ёндашувлар, таниқли олимларнинг ижодий меросини ўрганиш, психология фанининг ҳозирги ҳолатини муҳокама қилиш режалаштирилган.
Тадбирда Халқаро психология фанлари академияси президенти Владимор Казлов, Ярослав давлат университети профессори Мергалис Кашапов, қозоғистонлик машҳур психолог олимлар Румия Галимова, Наталия Бизяева, Россиянинг Таълим ва амалий психология институти директори Ирина Трушина, академик Ғайрат Шоумаров, профессорлар Шариф Баратов, Манзура Усмоновалар маърузалари билан иштирок этди.
Конференция доирасида Владимор Казлов Самарқанд давлат университети ректори Рустам Холмуродовга Халқаро психология фанлари академиясининг Фахрий академиги дипломини топширди.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.