Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Тожикистон ректорлари форуми иштирокчилари Самарқандга ташриф буюрди. Тожикистон Республикаси Таълим ва фан вазири Раҳим Саидзода бошчилигида 30 га яқин олий таълим муассасалари ректорлари Самарқанд давлат университетида бўлди.
Мартабали меҳмонлар билан Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов учрашди.
Форум иштирокчилари ташриф давомида СамДУ археология, зоология музейларини кўздан кечирди. Биокимё институти кампусида бўлиб, дарс жараёнида иштирок этди. Оранжерияга саёҳат қилишди. Нобель мукофоти лауреати Азиз Санжар номидаги лаборатория фаолияти билан танишди.
Делегация аъзолари Самарқанд давлат университетида яратилган шароитларни кўриб, университет фаолиятига юқори баҳо берди.
Рустам Холмуродов Хўжанд давлат университети ректори Аюб Усмонзода билан тарих, археология; Тожикистон техника университети ректори Қудрат Давлатзода билан муҳандислик, IТ, кимё, иқтисод; Тожикистон аграр университети ректори Усмон Маҳмадёрзода билан агробиотехнология соҳалари бўйича бир қатор келишувларга эришди.
Маълумот учун, Самарқанд давлат университети мазкур форум доирасида Тожикистон Миллий университети, Кўлоб, Бохтар, Тожикистон давлат тижорат университети ва Тожикистон педагогика институтлари билан ҳамкорлик меморандумини имзолади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.