Самарқанд давлат университети филология, тарих, математика, география ва экология, интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультети 3-курс иқтидорли талабалар ва уларнинг ота-оналари учун учрашув ташкил этилди.
Тадбир аввалида ота-оналар Самарқанд давлат университети фаолияти билан яқиндан танишди. Фарзандлари ўқиётган маърузалар зали, ўқув лаборатория, IT марказ, кутубхона, музейларни кўздан кечирди. Ошхона, ётоқхона, спорт залларида бўлишди.
Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов ғояси асосида яратилган фильм ота-оналар эътиборига ҳавола қилинди.
Фильмда оддий оила фарзандларини таълим-тарбия олиш орқали юқори натижаларга эришганлиги акс эттирилган. Мазкур фильм тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
- 1993-1998 йилларда Самарқанд давлат университети педагогика факультетида ўқиганман. – Фарзандим Навбаҳор СамДУ интеллектуал тизимлар ва компьютер технологиялари факультетида теҳсил олмоқда, - дейди Умида Жониқулова. – Мен таълим тизимидаги бир ходим сифатида шуни айта оламанки, ҳеч қачон илм-фанга бугунгидек эътибор қаратилмаган. Бугун қизимнинг факультетини кўриб ҳайрон қолдим. Ҳашаматли бинода, замонавий ўқув хоналарида ўқимоқда. Факультетда ИТ марказининг борлиги таҳсинга сазовор. Бу ерда болаларимиз назария билан бирга амалиётни ҳам ўташади. Бундан хурсандман. Ёшларга берилаётган имконият учун Президентимиздан миннатдорман.
- Фарзандларим Жалолиддин ва Зебохон Самарқанд давлат университети география ва экология ҳамда педагогика таълими факультетида ўқийди, - дейди Чарос Отамуродова. – Ўглимнинг иқтидорли гуруҳда ўқишидан фахрланаман. Мен ўқимаганман. Болаларимиз зиёли, келажаги порлоқ бўлсин деб ўқитяпмиз. Учрашувда фильм намойиш этилди. Мазкур фильм нафақат боаларимиз, балки биз учун ҳам фойдали бўлди. Ота-онанинг фарзанд олдидаги вазифаларини чуқурроқ билиб олдим. Болаларимининг ўқиши учун янада яхшироқ шароит яратиб беришга ҳаракат қиламан.
- Қизимнинг ютуқлари билан доим фахрланганман. Коллежда ўқиб юрган вақтларида “Ёш китобхон” танловларида республика босқичида ҳам иштирок этган, - дейди Нафиса Элмуродова. – Тил билиш бўйича халқаро IELTS 6.5 сертификатига эга. Укаларига доим ўрнак бўлиб келади. Қизимнинг энг катта ютуқларидан бири Самарқанд давлат университетида ўқиши деб биламан. Бугун университет муҳити билан танишдим. Қойил қолмасдан илож йўқ. Ўқийман деган талабага барча имконият бор. Бугунги фильмда бир жумлага кўзим тушди ва у айни ҳақиқат: “Камбағал бўлиб туғилиш тақдир. Лекин камбағал бўлиб яшаш тамбаллик, уқувсизлик, меҳнатдан қочиш… Унутманг фақат илм, ўқиш, изланиш сизни ночорликдан қутқазади.” Болаларимиз яхши яшаши учун ҳам бугун биз уларни ўқитишимиз даркор. Университет билан ҳамкорлигимиз бизнинг манфаатимизга хизмат қилишига ишонаман.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.