Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган Очиқлик сиёсатининг мамлакат тараққиётида, миллат юксалишида тутган муҳим ўрни ва аҳамияти ҳақида…
Давлатимиз раҳбарининг яқинда, Жиззах вилояти фаоллари билан учрашувдаги нутқида айтилган мана бу фикри эътиборимни тортди:
“Дунёни очиб бердим”...
Бу сўз замирида олам-олам маъно мужассамлашган.
Бугунги кунда 100 га яқин мамлакат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тизими йўлга қўйилди. 55 давлат фуқаролари учун соддалаштирилган электрон виза тартиби жорий этилди. Академик Акмал Саидов таъбири билан айтганда: Бирлашган Миллатлар Ташкилотига 193 давлат аъзо бўлса, бирор мамлакатда бундай очиқлик сиёсати йўқ. Президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистонни дунёга очди...
Дунёни очиш, дунёга очилиш ва бунинг натижалари, оқибатлари, афзалликлари ҳақида барча соҳа ва йўналишлар бўйича соатлаб, фикр юритса бўлади. Биз айнан илм-фан борасидаги очиқлик юзасидан мулоҳазаларимизни билдирмоқчимиз...
Ўзбекистон ўзининг йигирма беш йиллик яқин тарихида ёпиқ мамлакатлар сирасига кирарди. Ёпиқлик сиёсати айниқса, қўшни давлатлар билан муносабатларда яққол кўзга ташланарди. Чегаралар, юртимизга кириш дарвозалари қаттиқ беркитилганди. Бу тартиб-тамойил нафақат Марказий Осиё мамлакатлари, балки бутун дунё учун ҳам бир хилда амал қиларди.
Жаҳон эшиклари гарчи биз учун очиқ бўлса ҳам, унга олиб борадиган ўзимизнинг эшиклар ёпиқ турарди. Аҳвол шу даражага бориб етдики, ҳатто қўшни давлатлар билан чегараларга миналар қўйилди. Ўртадаги кириш-чиқиш дарвозаларига олиб борадиган йўлларгача бузиб ташланди.
Бундай ёпиқлик сиёсати натижасида давлат заифлашиб, соҳалар боши берк кўчага кириб қолди. Халқлар ўртасидаги муносабатлар тобора кескинлаштирилди. Илм-фан, маъданий, маърифий, ижтимоий, иқтисодий алоқалар фалаж аҳволга келди.
Ўзаро зиддиятлар, душманчиликлар кучайди. Трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш, Орол фожиасини, минтақавий экологик муаммоларни биргаликда ҳал этиш каби масалалар, номаълум муддатга музлатилди.
Бир-бирини камситиш, тарихни турлича талқин қилиш натижасида минг йиллик қадриятлардан, қардошлик анъаналаридан кўз юмилди.
Тўғрисини, тан олиб айтиш керакки, йигирма беш йиллик ёпиқлик сиёсатининг мамлакатимизга, халқимизга етказган зиён-заҳматини чек-чегараси йўқ.
Ёпиқлик сиёсати туфайли вазият шу даражага бориб етдики, олимларимизни чет элларга чиқиши, хорижлик алломаларни Ўзбекистонга келишига сунъий тўсиқлар қўйилди. Чет элга борганлар, илмий алоқа ўрнатганлар, ҳамкорлик қилганлар ҳатто маҳкамага тортилди. Жавобгар қилинди. Таъқиб ва тазйиқлар ортди.
Бунинг оқибатида ўзбек илм-фани, дунё илм-фанидан бутунлай узилиб қолди. Жаҳон илм-фан ютуқларидан бехабарлик юзага келди. Илм-фанда лоқайдлик, ўз қобиғига ўралиб олиш, чет тилларини билмаслик, халқаро стандартлардан бехабарлик, жаҳон илм-фанининг энг катта марказларидан ажралиб, яккаланиб қолиш ҳолати юз берди.
Минг афсуски, бунинг оғир оқибатларини тугатиш ҳали ҳамон қийин кечмоқда.
Ўзбекистонда мамлакатимиз раҳбарининг кучли сиёсий иродаси билан Очиқ илм-фан концепцияси амал қилаётганига эндигина етти йил бўлди. Тўғри, йигирма беш йиллик йўқотишларнинг ўрнини қоплаш учун ўтган давр камлик қилади, албатта.
Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан асос солинган Очиқ илм-фан концепциясининг дастлабки натижаларини Самарқанд давлат университети мисолида кўриб ўтсак.
Бугунги кунда СамДУ дунёнинг 200 юздан зиёд энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Кейинги уч йилда Самарқанд давлат университети талабаларига юздан зиёд хорижлик профессор-ўқитувчилар дарс ўтиб келмоқда. СамДУ нинг 50 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида фаолият кўрсатмоқда.
СамДУ нинг ўндан ортиқ докторанти хорижда диссертация ишларини ҳимоя қилди. Ўндан зиёд хорижлик тадқиқотчилар илмий ишларини СамДУ да олиб боришди. Улар орасида университетимиз тасарруфидаги Кенгашларда ҳимоя қилганлар ҳам бор. Бугунги кунда СамДУ нинг ўнлаб битирувчилари хорижнинг нуфузли олий ўқув юртлари магистратура, докторантураларида таҳсил олаётганлиги эътиборга сазовор.
Бугунги кунда Самарқанд давлат университетида 363 таянч докторант PhD, 13 докторант DSc, 8 стажёр тадқиқотчи ва 65 мустақил изланувчилар илмий иш олиб бормоқда. Мазкур тадқиқотчиларга хорижнинг нуфузли университетларидан ва халқаро тадқиқот марказларидан 300 дан ортиқ илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчи бириктирилган. Докторантларимиз хорижлик илмий раҳбарлари билан бир қатор халқаро грант ва лойиҳаларда иштирок этиб, юқори натижаларни қўлга киритмоқда.
Сўнгги йилларда СамДУ да хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда 15 халқаро марказ ва қўшма лабораториялар ташкил этилди. Халқаро марказларда тил, маданият ўргатилаётган бўлса, қўшма лабораторияларда долзарб мавзудаги тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Самарқанд давлат университети компьютер илмлари ва технологиялари фанлари кафедраси доценти Саҳобиддин Ахатқуловга Малайзия миллий университети томонидан берилган PhD фалсафа доктори илмий даражаси Ўзбекистон Республикаси Олий аттестация комиссияси томонидан DsC фан доктори илмий даражасига тенглаштирилди. Ядро физикаси ва астрономия кафедраси ўқитувчиси Дилшод Ҳакимов Белоруссия Миллий фанлар академияси бирлашган энергия ва ядро тадқиқот институтида PhD диссертациясини ҳимоя қилди.
Худди шу лабораториянинг катта илмий ходими Шаҳбоз Ҳасанов Хитой Фанлар академиясининг Замонавий физика институтида диссертация ишини ёқлади, PhD дипломига эга бўлди.
Ўзбек тилшунослиги кафедраси тадқиқотчиси, туркиялик Байрам Билир PhD диссертациясини СамДУ профессори, таниқли турколог олим Жўлибой Элтазаров раҳбарлигида тайёрлади ва ёқлади.
Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг “Works in the cycle of uzbek folk books: literary tradition and creative originality” номли монографияси Германиянинг “Ламберт” нашриётида чоп этилди.
Самарқанд давлат университети Биокимё институти профессори Хуршид Бозоров Хитойнинг Тяншан давлат мукофотига сазовор бўлди. Мазкур нуфузли мукофот Шинжон-Уйғур автоном провинциясининг иқтисодий ва ижтимоий ривожига ҳисса қўшган хориж фуқаросига тақдим этилади.
Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори, доцент Тошпўлот Ражабов Исландиянинг Қишлоқ хўжалиги университети қошида ЮНEСКО шафелигида ташкил этилган Ерларни қайта тиклаш халқаро дастурида иштирок этиб, дунёнинг 30 га яқин давлатидан келган олимларга маъруза ўқиди.
Муҳандислик физикаси институти доценти Акмал Сафаров дунё рейтингида етакчи бўлган АҚШ нинг Массачусеттс технология институтида стажировка ўтади. Мазкур институт олимлари билан халқаро грант лойиҳасида иштирок этмоқда.
Кейинги йилларда СамДУ олимлари томонидан Scopus маълумотлар базасидаги журналларда 1122 мақола нашр этилди. 2023 йилда 326 илмий ишлар эълон қилинган. Олимларимизнинг 55 монографияси хорижнинг нуфузли нашриётларида чоп этилди.
СамДУ томонидан ҳамкорлик ўрнатилган хорижий олий ўқув юртлари билан нафақат профессор-ўқитувчилар, балки талабалар алмашинуви дастурларига ҳам оғишмай амал қилинмоқда. СамДУ га Жанубий Корея, Япония, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Германия, Франция, Польша, Туркия, Буюк Британиядан... талабалар келиб таҳсил олганлиги, олаётганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир.
СамДУ талабаларининг Жанубий Корея, Япония, Хитой, Россия, Туркия, Франция, Германия, АҚШ... каби бир қатор мамлакатларда бўлиши, ўқиши, тажриба алмашиши, Ўзбекистонда барқарор бўлган очиқлик сиёсатининг натижаларидир.
Самарқанд давлат университети бакалавриат босқичини мазкур ўқув йилида тамомлаган математика факультети талабалари Абдулазиз Комилов, Гўзал Бобохонова ва Ифтихор Янгибоевлар Италиянинг Назарий физика халқаро илмий маркази ҳамда Ақуила университетига, Бобомурод Абдураҳмонов АҚШ нинг Кент давлат университети магистратурасига муддатидан олдин грант асосида ўқишга қабул қилинди.
Муҳандислик физикаси институти талабалари Озода Иноятулло ва Нафиса Раҳмоновалар халқаро «UNISAT» дастурида иштирок этиб, CubeSat наносунъий йўлдошини учиришга муваффақ бўлди.
Самарқанд давлат университетига кейинги вақтда Туркия, Россия, Франция, Ҳиндистон, АҚШ, Венгрия, Италия, Финландия, Европа Иттифоқи, Бангладеш, Тожикистон каби қатор давлатларнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчилари ташриф буюрганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Ўзаро мулоқотларда асосий эътибор таълим ва илм-фан йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга қаратилди. Ҳар қандай расмиятчиликдан холи бўлган бу учрашувлар ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади.
Самарқанд давлат университетида Жанубий Кореянинг Еунгнам университети билан ҳамкорликда “Инсон ресурсларини бошқариш ва Саэмаул таълимоти” илмий-тадқиқот маркази фаолия кўрсатмоқда. Марказни очишдан асосий мақсад инсон ресурсларини бошқариш ва маҳалла ривожланиши бўйича янги фанлараро таълим дастурларини ишлаб чиқиш, инсон ресурслари ҳамда маҳалла тараққиётини бошқариш бўйича республика ва халқаро грантларда иштирок этиш, Еунгнам университети томонидан ўтказилаётган Саэмаул ўқув дастурларини креатив қўллаш орқали маҳалла бошқаруви соҳасида фаолият юритувчи мутахассис кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишдан иборат.
Ёпиқлик сиёсати ҳукм сурган даврларда биз тақдир-тақазоси билан хорижга бориб қолган ватандошларимизга ҳам туҳмат тошларини отдик. Уларнинг илмий салоҳиятидан фойдаланиш ўрнига камситишга ҳаракат қилдик. Бундан улар эмас, ўзимиз зарар кўрдик.
АҚШ нинг Шимолий Каролина университети профессори, Нобель мукофотининг лауреати Азиз Санжар 2017 йилда Қирғизистонга ташрифи давомида: Мен йигирма беш йилдан буён, отамаконимиз Ўзбекистонга боришни орзу қиламан деган эди.
Улуғ олимнинг ниятлари ижобат бўлди. Биз Азиз Санжар жанобларини Ўзбекистонга, Самарқанд давлат университетига таклиф қилдик. Буюк олим билан ўрнатилган муносабатларимиз туфайли у СамДУ талабаларига маърузалар ўқиди. Қисқа давр ичида университетимизга уч марта келди.
Бугун СамДУ Биокимё институтида Азиз Санжар номидаги лаборатория фаолият кўрсатмоқда. СамДУ талабалари учун Азиз Санжар стипендияси таъсис эътилган. СамДУ нинг бир неча тадқиқотчилари Азиз Санжар раҳбарлигида илмий иш олиб бормоқда.
АҚШ нинг Техас университети Нанотехнологиялар институти директори ўринбосари, дунёга машҳур физик олим, профессор Анвар Зоҳидов бугунги кунда СамДУ Муҳандислик физикаси институтида ташкил қилинган Марказий Осиёда ягона Квант марказига илмий маслаҳатчилик қилмоқда.
Анвар Зоҳидов билан суҳбатларимиздан бирида у менга қуйидагиларни гапириб берди:
- Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқлик сиёсати туфайли Ўзбекистон илм-фани жадал ривожланмоқда. Бу очиқлик сиёсати ўзининг дастлабки меваларини аллақачон бера бошлади. Мен Ўзбекистонда туғилганман. Ўзбек фарзандиман. Бундан фахрланаман. 90 йилларнинг бошида тақдир-тақазоси билан Америкага бориб қолганман. Мен халқаро миқёсда қанча эътироф, ютуқларга эришмай, ўз юртимда бунинг иложиси йўқ эди. 2016 йилгача хориждаги ўзбекистонликларга ўгай кўз билан қараларди. Биз бунга кўникиб ҳам қолган эдик.
Менинг бу аламли тасаввурларимни Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев бутунлай бузиб ташлади. Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан менга “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” юксак унвони берилди. Ўша пайтда кўз олдимдан йиллар давомидаги изтиробларим, армонларим бир-бир ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев жаҳонда очиқ илм-фан концепциясини яратувчисидир...
Тарих такрорланади. Буюк Соҳибқирон Амир Темур, унинг набираси Мирзо Улуғбек жаҳон илм-фанининг энг йирик намояндаларини Самарқандга чорлаган эди. Бунинг натижасида Самарқанд дунё илм-фанининг энг буюк марказига айланганди. Мирзо Улуғбек мадрасаси, Улуғбек расадхонасида яратилган илмий кашфиётлар заминдан то осмон қадар кўтарилди.
Самарқандни азиз қилган, Самарқандни ер юзининг сайқали деб эътироф этилишига асос бўлган тамойиллар ҳам шулар эди.
Орадан 6-7 аср вақт ўтиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ илм-фан концепцияси туфайли Самарқанд яна ўзини тарихий шон-шуҳратини тикламоқда.
Илм-фан дунё халқлари ўртасидаги маданий алоқаларни юксалтиради. Бағрикенглик тамойилларини мустаҳкамлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган “очиқ эшиклар” сиёсатида илм-фанга устуворлик берилаётганлиги биз олимларга фахр-ифтихор бағишлайди.
Бундан минг йиллар олдин ҳам Самарқандга дунёнинг тўрт қитъасидан келган карвонларда олимлар, илм толиблари ва китоблар бўлган. Шунинг учун ҳам илм-фан чексиз ривожланган.
Бу ҳақиқатни Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеяси 25-сессиясидаги нутқида шундай ифода этган эди:
- Жаҳон цивилизацияси чорраҳасида жойлашган бу бетакрор шаҳар асрлар мобайнида шарқ ва ғарбни ўзаро боғлайдиган, илм-фан ва маданиятни чинакам маркази бўлиб келган. Машҳур Римга тенгдош бўлган ушбу боқий замин улкан салтанатлар пойтахти, улуғ аллома ва мутаффакирлар, азиз авлиё, зотлар камол топган юрт сифатида бизга ҳамиша ғурур бағишлайди. “Ер юзининг сайқали” дея шуҳрат қозонган, Шарқнинг икки буюк Уйғониш даврига улкан ҳисса қўшган Самарқанд бугунги кунда жаҳоннинг замонавий марказларига айланиб бормоқда...
Рустам ХОЛМУРОДОВ,
Самарқанд давлат университети ректори
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби,
Олий Мажлис Сенати аъзоси.