Самарқанд давлат университети академик лицейи битирувчилари учун “Янги Ўзбекистон ёшлари, билиб қўйки, сени Ватан кутади” номли битирув оқшоми ўтказилди.
Анжуманни Самарқанд давлат университети ректори, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси Рустам Холмуродов кириш сўз билан очиб, битирувчиларга омад тилади.
Жорий йилда СамДУ академик лицейини 4 таълим йўналиши бўйича 202 нафар ўқувчи, шундан 3 нафари олтин, 2 нафари кумуш медаль билан тамомлади. 25 нафар ўқувчилар аъло даражали диплом соҳиби бўлди.
122 нафар йигит-қиз халқаро ва миллий сертификатларга эга бўлди. Демак, бу ўқувчилар олий таълим муассасига ўқишга киришда чет тили ёки мутахассислик фанидан энг юқори баллни қўлга киритди.
Тадбир давомида Рустам Холмуродов 10 нафар ўқувчига “Академик лицейимиз ифтихори” стипендиясини топширди.
- Қизим Жасмина бугун СамДУ академик лицейининг хорижий филология йўналишини тамомлади. Ўқиш давомида бир қатор ютуқларга эришди, - дейди Ғулом Ғайбуллаев. – Чет тилини билиш бўйича Б2 миллий сертификатига эга бўлди. Фан олимпиадаларида иштирок этди. “Академик лицейимиз ифтихори” стипендиясини қўлга киритди. Қизимнинг натижаларидан, эришган ютуқларидан фахрланаман. Эндиликда ўқишини Самарқанд давлат университетида давом эттирмоқчи. Мен буни қўллаб-қувватлайман. Фарзандимга таълим-тарбия берган барча ўқитувчиларидан миннатдорман.
- Мен учун қувончли кун. Ўрта таълимдан олий таълимга қараб қадам босяпман, - дейди ўқувчи Мусобек Бўронов. – Лицейда ўқиш давомида математика, физика, инглиз тилларидан Б2 миллий сертификатларига эга бўлдим. Лицейни олтин медаль билан тугатдим. “Академик лицейимиз ифтихори” стипендияси соҳибиман. Физика фанидан ўтказилган вилоят олимпиадасида ғолибликни қўлга киритганман. Эришган натижаларимда лицейдаги устозларимнинг хизмати катта. Барча ўқитувчиларимга раҳмат.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати,
Шавкат АКРАМОВ олган суратлар.