Қамаши туманида 2002 йил қурилган 42-умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари совуқ хоналарда устиларидаги қалин кийимларини ечмасдан дарсда ўтиришга мажбур бўлмоқда, дея хабар қилмоқда EVERYDAY.UZ мухбири.
Мазкур мактаб қурилганига унча кўп бўлмаган бўлсада, лекин иншоот қурилганидан бери бирон марта иситиш тизими ишламаган. Хаттоки ўқувчилар бундай муздек хоналарда ўтираверишганидан эркин мавзудаги иншоларда ўқитувчи бўлиш учун совуққа чидаш керак эканлигини ёзишмоқда.
Ушбу мактаб ўқитувчилари шунингдек, мактабга берилаётган кўмирларнинг сифатсиз эканини таъкидлашмоқда. Мактабга берилган кўмирдан фойдаланилганда хонани дуд босиб кетар экан. Иситиш тизими ишламаганга яраша лоақал кўмирнинг сифатлисини олиб келишса яхши бўлармиди, деб ўйланиб қоласан.
Яна бир ҳайратланарли томони шундаки, мазкур мактаб 460 ўқувчига мўлжалланган бўлишига қарамай у ерда 1387 нафар ўқувчи тахсил олмоқда. Мутасаддилар ушбу мактабга эътибор берармикан? Халқ таълими бўлимидан фақат текшириш учун келавермасдан муаммони ўрганиб ҳал қилишларини ҳам сўраб қолган бўлар эдик.