Самарқанд давлат университети олимлари Хитойнинг Шинжон қишлоқ хўжалик фанлар академияси билан ҳамкорликда 3 йилга мўлжалланган халқаро лойиҳани қўлга киритди. Ушбу лойиҳа доирасидаги вазифаларни муҳокама қилиш мақсадида СамДУ Илмий тадқиқотлар ва инновацион ривожлантириш бошқармаси бошлиғи, профессор Ҳаким Хушвақтов бошчилигидаги делегация Урумчи шаҳрида бўлиб турибди.
2024 йил давомида СамДУ профессор-ўқитувчиларининг Хитой Халқ Республикаси Шинжон қишлоқ хўжалик фанлар академияси билан олиб борган ҳамкорлик ишлари натижасида “Хитойнинг серҳосил ва стрессга чидамли ғўза ва буғдой навларини Самарқанд тупроқ-иқлим шароитида синаш ва етиштириш агротехнологиясини ишлаб чиқиш” номли илмий-амалий лойиҳа қўлга киритилди.
Мазкур лойиҳа доирасида Самарқанд вилоятида 20 гектар майдонда Хитойнинг серҳосил ва турли касаллик ва зараркунандаларга ҳамда тупроқ шўрланишига чидамли навларини Хитой ва Ўзбекистон агротехникаси асосида синаб кўриш ва энг мақбул етиштириш усулларини амалиётга жорий этиш мақсад қилинган. Лойиҳада Самарқанд давлат университетининг 15 нафар ёш олим ва тадқиқотчилари ғўза ва буғдой селекцияси ҳамда уруғчилиги бўйича Шинжон қишлоқ хўжалик фанлар академиясида малака ошириш имкониятига эга бўладилар. Сафар давомида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти директори Тошпўлот Ражабов, профессор Иброҳим Жабборов ҳамда доцент Жасурбек Абдумаликовлар жорий йилда ғўза ва буғдой навларини Самарқанд шароитида синаб кўриш бўйича амалга ошириладиган илмий-тадқиқотлар режасини хитойлик олимлар билан биргаликда ишлаб чиқди.
Ташриф давомида СамДУда “Ғўза ва буғдой селекцияси ва уруғчилиги илмий маркази” ни ташкил этиш лойиҳаси устида ҳам ишлар олиб борилди ва марказ фаолияти учун зарур бўлган замонавий лабораториянинг асосномаси тайёрланди. Илмий марказ ташкил этиш негизида генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси, ғўза ва буғдойнинг генофондини яратиш, молекуляр селекция, геном технологиялари ҳамда анъанавий селекция усулларидан фойдаланиб ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос келадиган ҳосилдор, қурғоқчиликка ва касалликларга бардошли тизма даражасидаги намуналарни танлаб олиш, ушбу навлар устида илмий-тадқиқотлар олиб бориб, энг яхши натижаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш режалаштирилмоқда.
Сафар давомида СамДУ делгацияси Шинжон қишлоқ хўжалик фанлар академияси таркибидаги Озиқ-овқат экинлари институти, Картошка навларини яратиш ва етиштириш технологиялари институти, Иқтисодий экинлар институти, Боғдорчилик ва ўрмончилик институти, Қишлоқ хўжалиги механизацияси институти ва ундаги илмий лабораторияларида бўлишди. Фан ва технологиялар, ақлли қишлоқ хўжалиги соҳаларида эришилган ютуқлар ва олиб борилаётган тадқиқот ишлари билан яқиндан танишди. Шу билан биргаликда, Шинжон қишлоқ хўжалик фанлар академияси билан ҳамкорлик қилаётган йирик агрокластерлар ва компанияларни кўздан кечириб, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасида йўлга қўйилган мустаҳкам интеграция ютуқларини ўрганишди.
Сафар давомида орттирилган билим ва кўникмалар СамДУ да Хитой тажрибаси асосида илмга асосланган ва амалиётга йўналтирилган таълим тизими ва илмий-тадқиқот ишларини ривожланитиришга татбиқ этилади.
Самарқанд давлат университети
Ахборот хизмати.