Бугун, 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги катта залида суд органлари билан республика журналистлари ўртасида изчил ҳамкорликни ўрнатиш, уларнинг суд мажлисларидаги иштирокини таъминлаш, очиқ суд материалларини ёритишда ОАВдан фойдаланишни назарда тутувчи чора-тадбирларни такомиллаштириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов ҳам иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда kun.uz хабар қилди.
Тадбирда иштирок этган журналистлар билан савол-жавоб бўлиб ўтди. «Адолат кўзгуси» газетаси мухбири ҳозирги кунда қонунчиликда баъзи масалаларга кўпроқ урғу берилиши кераклигини таклиф қилди. У ҳозирги кунда қонунчиликда «блогер» атамаси мавжуд эмаслиги, шу сабабли бу бўйича ишлар олиб борилиши лозимлигини айтиб ўтди. У судларда қатнашаётган журналистлардан таҳририят билан тузилган шартнома ва унинг гувоҳномасини кўрсатиш талаб этилиши кераклигини қўшимча қилди. Шунингдек, журналистлар томонидан кўплаб хатоларга йўл қўйилаётгани сабабли жавобгарлик янада қатъийлаштирилиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Агентлик раҳбари эса бу таклифга ўз муносабатини билдирди.
«Журналистларга узоқ вақт давомида эркинлик берилмаганда эди, ҳозир жазо берсак бўлар эди. Ҳозир сайтларимиз, газеталаримиз танқид қилишгани, бошқачароқ айтганда «чақиб, чақиб олишлари» ортидан ижобий ишлар кўзга ташланяпти. Ҳозир ҳамма интернет сайтларни ўқимоқда. Орангизда газета кўтариб келган одам йўқ.
Биз энди матбуотга йўл очяпмиз. Шу пайтда уларни жазолаш масаласига келсак, кечирасизу қонунда ҳаммаси ёзиб қўйилган. Нотўғри маълумот учун жавобгарлик белгиланган. Баъзида менга барча сайтларни ёпиш таклиф қилинган ҳолатлар ҳам бўлди. Агар биз журналистни бўғсак, блогерни бўғсак, ҳамма жим бўлиб қолса нима бўлади? Сиёсий мазмунларни келтириб чиқаришни хоҳловичлар бизга раҳмат дейди.
Блогерлар масаласига келсак, ҳозир ҳаммада телефон бор. 20 миллион нафар блогер бор деб ҳисоблайверинг. Лекин, қонун бор. Агар кимнингдир қонуний манфаатига зид келадиган нотўғри маълумот тарқатса, жавобгарлик бор-ку?
Журналистлар эркин ишлаши керак. Унинг ижод эркинлиги мавжуд. Уни ёз, буни ёз дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Буни ўзининг таҳририят сиёсатига қараб белгилайверади. Яна бир бор айтаман: эркин сўз, бемалол гапиринг, танқид қилинг, қўрқманг, лекин ҳар бир гапингизга масъулиятни ҳис қилинг. Бутун жаҳонда шундай», деди Комил Алламжонов.