Хабар қилинганидек кеча, 20 май куни жиноят ишлари бўйича Қуйи Чирчиқ туман судида судланувчилар Аҳмаджон Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони – 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича суд ўз якунига етди.
Судланувчи Аҳмаджон Турсунбоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришда назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга узил-кесил 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди.
Бугун ижтимоий тармоқларда "Аҳмадбой"нинг суд жараёнида журналист саволларига жавоб берган видеолавҳаси тарқалди. Унда "Аҳмадбой" одамларни алдамагани, улар ўз хоҳиши билан пулларини олиб келгани ва камбағал шу йўл билан бойиб кетганини айтади. Шунингдек, у одамлар тухмат қилмаслигини ва худодан қўрқиш кераклигини айтган. Қуйида видеолавҳани ҳавола этамиз.