Ўқитувчини менсимаслик қаердан пайдо бўлди?

Ўқитувчини менсимаслик қаердан пайдо бўлди?
Бунга ким айбдор: ота-она, маҳалла ёхуд таълим муассасасими?

...Яқинда пойтахтимизнинг Учтепа туманидаги мактаблардан бирида юз берган ҳодиса кўпчиликни ўйга толдирди. Маълум бўлишича, мактабнинг 11-синф ўқувчилари дарс жараёнида ўқитувчига атайин халақит қилиб, давлатимиз мадҳиясини жўр бўлиб айтишади. Педагогнинг бир неча бор огоҳлантиришига қарамай, улар билганларидан қолишмайди. Энг ачинарлиси, ўқувчиларнинг бу хатти-ҳаракати шу билан тўхтаб қолмайди: тартибга чақирган ўқитувчини обдон калтаклашади...

Юз берган ҳолат билан батафсил танишиш мақсадида мазкур таълим муассасасида бўлдик. Юқоридаги вазият ички ишлар органлари ходимлари, маҳалла фаоллари, ўқитувчилар, ота-оналарни жалб қилган ҳолда муҳокама қилинди. Хўш, бундай воқеа юз беришининг асл сабаблари нималардан иборат? Ким қаерда хатога йўл қўйди? Ҳудудда «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги қай даражада самара бераётир?

Халқимизда «Бир болага етти маҳалла — ҳам ота, ҳам она» деган нақл бор. Бу — фарзанд тарбиясига ҳамма бирдек масъул дегани. Зотан, бола оилада камол топса, мактабда таълим-тарбия олади, маҳалла, қўни-қўшни бағрида улғаяди. Оиладаги маънавий муҳитдан руҳланиб, намунали ўқувчига айланади, маҳаллада бошқаларга ибрат кўрсатади.

— Афсуски, боланинг таълим-тарбияси учун фақатгина мактаб масъул, деган нотўғри қараш баъзи ота-оналарда ҳали-ҳамон сақланиб қолган, — дейди Учтепа туманидаги «Истироҳат» маҳалласи раиси Неъматжон Рафиқов. — Аслида ота-она нафақат ўз фарзанди, қолаверса, ён-атрофи, қўни-қўшни, маҳалла-кўйдаги ҳар бир боланинг тарбия­си учун ҳам жавобгардир. Дейлик, қўшнимизнинг боласи — безори. Лекин ота-онаси бунга бепарво. Оқибатда ўша безорининг касофатидан биз зарар кўрамиз. Бир кун у фарзандимизга азият етказади, эртасига деразамизни синдириб кетади, яна бир куни уйимизни тунаб кетиши мумкин. Кўз олдимизда шундай бола бемалол бузғунчилик қилиб юрса, биз қандай қилиб унинг тарбиясини сансалорликка ташлаб қўя оламиз?

Юқоридаги ҳолат ҳам ўз-­ўзидан содир бўлмаган. Аслида масъулларнинг бепарволиги, ота-онанинг фарзанд тақдирига бефарқлиги, маҳалла-кўйнинг эътиборсизлиги ана шундай воқеаларга замин яратади. Бунда, энг аввало, боланинг ҳар қандай хатти-ҳаракатининг илдизи бевосита оилага бориб тақалади. Зотан, илдиз бақувват бўлмаса, дарахт соғлом мева туголмайди.

— Ҳеч бир ота-она фарзандини ёмон бўлсин демайди, аммо вояга етмаган, катталарнинг кўмагига муҳтож боланинг таълим-тарбиясига бепарволик натижасида бунга ўзлари йўл қўйиб беришаётганини, афсуски, айримлар тўғри тушуниб етмаяпти, — дейди Учтепа туманидаги 236-умумтаълим мактаби директори Иномжон Худайберганов. — Бунга оддийгина мисол: ота-оналар мажлиси. Унга кўпчилик ота-оналар келишга вақт топишолмайди. Демак, улар фарзандининг келажагига бефарқ экан, деган хулосага келамиз. Тарбиядаги кичик эътиборсизлик катта кўнгилсизликка олиб келишини унутмаслик керак.

Албатта, бу вазиятда фақат оилани, ота-оналарни айблашдан йироқмиз. Негаки, тарбия фақат оиладагина амалга оширилмайди. Бу ўринда мактаб ва маҳалла ҳамкорлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга. Таҳлиллар айрим ҳудудларда «Оила — маҳалла — таълим муассасаси» ҳамкорлиги хўжакўрсинга, фақат қоғоз учун бажарилаётгани, оқибатда вазият ижобий томонга ўзгармаётганини кўрсатмоқда. Яъни бола учун мактабда — мактаб, уйда — ота-она, маҳаллада — фаоллар жавобгар, деган эскича қараш ҳали-ҳануз йўқолмаган. Хўш, маҳалла фаоллари «муштумзўр» ўқувчиларнинг оиласидаги муҳитдан қанчалик хабардор? Профилактик тадбирлар самарадорлиги нега етарли даражада таъминланмаган?

Ахир, ота-она фарзанди тарбиясига бефарқ қараса, таълим муассасаси ўз вазифасини лозим даражада бажармаса, айнан маҳалла фаоллари бу борада бонг уриши керакмасмиди? Маҳалла огоҳ бўлса, уларга ўз вақтида тушунтириш бера олса, ўрни келганда, таъсирчан чоралар қўллай билса, бу ҳудудда ёшларнинг ҳуқуқбузарлик содир этишига сабаб қолмайди. Бунинг учун маҳаллада ҳуқуқ ҳам, ваколат ҳам, имконият ҳам бор. Фақатгина фаоллар масъулиятни тўғри ҳис қилишса, жонкуярлик билан иш олиб боришса бўлгани.

— Аслида фарзанд тарбия­сида ота-она, маҳалла-кўй, мактаб мутасаддилари бир ёқадан бош чиқариб, астойдил ҳаракат қилсагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин, — дей­ди маҳалла фаоли Дилшод Мирзараҳматов. — Лекин бу жараёнда улардан биттаси ўз вазифасини бажармас экан, тарбия занжири кемтик бўлиб қолаверади. Ўқувчиларнинг юқоридаги хатти-ҳаракати биз учун кутилмаган ҳол бўлди. Боиси уларнинг оиласидаги муҳитдан хабардормиз. Демак, маҳалла фаоллари шу ўқувчиларнинг хонадонига янада чуқурроқ кириб бориши, улар ва ота-оналар билан суҳбатда бўлиши талаб этилади. Ана шунда бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олган бўламиз.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Халқимизда «Устоз отанг­дек улуғ», деган ҳикмат бор. Зеро, устоз деганда ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат, чексиз миннатдорлик туйғулари жўш уради, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо этиб бўлмас қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Бироқ...

Бу ўринда Учтепа туманида юз берган ҳолатни қандай изоҳлаш мумкин? Ўқитувчини менсимаслик, ҳурматини жойи­га қўймаслик қаердан пайдо бўляпти? Ахир, устоз-мураб­бийларга ҳурмат билан, эъзозу эҳтиром билан муносабатда бўлинмас экан, у жойда ривожланиш ҳам, илм-фан тараққиёти ҳам бўлмайди, деган фикр исбот талаб қилмас ҳақиқат-ку?

— Фарзандни ёшлигидан қандай тарбияласак, шундай вояга етади, — дейди ҳудуддаги 5-сонли ички ишлар бўлими катта инспектори Шуҳрат Алимов. — Бунда, албатта, оила, маҳалла, мактаб муҳити катта аҳамиятга эга. Шу боис биз ҳам улар билан ишлашни янада кучайтиришимиз лозим. Юқоридаги каби ҳолатлар нима учун рўй беряпти, вояга етмаганлар бундай ишга қўл ураётганининг сабаби нимадалигини аниқлаб, шунга яраша чора кўришимиз керак. Токи, устозга нисбатан бундай ҳурматсизлик қайта такрорланмасин. Болаларни ҳам ортиқча сиқувга олиб, жазолаш фикридан йироқмиз. Улар билан бирга кўпроқ ота-оналари билан ишлаяпмиз.

Мураккаб замонда яшаяп­миз, дунё­да ёт ғояларни тар­ғиб этаётганларнинг сон-­са­ноғи йўқ. Онги, эъти­қоди эндигина шаклланаётган ёш авлодни ана шундай таҳдидлардан асраш, уларга тўғри йўл кўрсатиш, оқни қорадан фарқлатиш айни муддао. Лекин бу фақат таълим муассасалари чекидаги вазифа эмас. Ота-онанинг оиладаги обрўси, нуфузи қанчалик юқори бўлса, таъсир кучи ҳам шунчалик ортади. Шундай экан, буюк рус ёзувчиси Лев Толстой айт­ганидек: «Болаларни тарбиялаш муваффақиятли бўлмоғи учун тарбия берувчи кишилар ўзларини ўзлари тўхтовсиз тарбия қилиши даркор». Зеро, шундагина, ёшлар иштирокида содир этилаётган жиноятлару қонунбузарликларнинг олдини олган бўламиз.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » Ўқитувчини менсимаслик қаердан пайдо бўлди?