Ипакчилик маҳалласида яшовчи Н. Муҳамедов рафиқаси билан етти йилдан буён Ҳаж сафарига бориш учун навбат кутиб келмоқда эди.
У Тошкент шаҳрида яшовчи диний экстремистик оқимларга алоқадорлиги сабаб (159-модда) озодликдан маҳрум этилган, 18 йиллик жазо муддатини ўтаб уйига қайтган фуқаро А.Тга ёрдам берди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Н. Муҳамедов озодликка чиққан фуқарога соғлиғини реабилитация қилиш учун касалхонага ётиб даъволанишига ва ҳайдовчилик ўқув курсида ўқишига ҳомийлик қилди. У яна фуқаро А.Тга кўзида жарроҳлик операциясини ўтказишда ёрдам кўрсатишни ҳам режалаштирган. Ипакчилик маҳалласида истиқомат қилувчи Н. Муҳамедов ушбу амалларни нафақат Ҳаж орзуси, балки савоб йўлида қилганини айтмоқда.
Шу тариқа озодликка чиққан ҳамюртига ёрдам кўрсатгани учун Н. Муҳамедов Ҳажга борадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бундай ишларни амалга оширган, узоқ йиллардан бери Ҳажга бориш учун навбатда турган ёши улуғ фуқароларимизга Президентимиз таъкидлаганларидек, биринчилардан бўлиб муқаддас Ҳаж сафарига боришларига навбат берилмоқда.