Президент Шавкат Мирзиёев 15-16 ноябрь куни Қорақалпоғистонга сафари давомида Нукус шаҳрини кўздан кечириб юриб, ёш келин-куёвнинг тўйига ҳам ташриф буюрган эди. Давлатимиз раҳбари ёш келин-куёвга бахт тилаб, оиласи мустаҳкам бўлишини тилади. 17 ноябрь куни ёш келин-куёвларга Нукус шаҳрининг энг шинам масканларининг бири “Қумбиз овул” ОФЙ ҳудудида қад ростлаган кўп қаватли уйларнинг биридан Президент совғаси – турар жой совға қилинди.
Шу куни келин-куёв кечда ўтадиган ёшлар тўйи олдидан Нукус шаҳрининг чиройли жойларини айланиб юрган. Улар сайл давомида тамадди қилиш учун кичик бир қаҳвахонага кирган. Бир пайт улар ўтирган ерга президент кириб келди ва уларни бахт тўйи билан қутлади. Президентимиз ёш оиланинг тўйига совға сифатида уй берган.
Султан ва Ҳурлиман иккаласи ҳам талабалар. Улар Қорақалпоқ давлат университетининг Технология факультетида 4-курсда битта гуруҳда таҳсил олади. Султаннинг ота-онасини уйи Қораўзак туманининг Маданият овул фуқаролар йиғинида, келин Ҳурлиманнинг уйи эса Нукус шаҳрида. Энди улар шаҳарнинг замонавий қисмида биргаликда истиқомат қилади.
Шунингдек, шу куни давлат раҳбари ташриф буюрган 8-сонли поликлиникага Президент совғалари - “Спарк” автомашинаси, давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолиятини бошлаган “Науше” мактабгача таълим муассасасига болалар ўйинчоқлари тантанали равишда топширилди ҳамда Президент билан учрашувдан сўнг оддий аскар Консерваторияда имтиёзли ўқийдиган бўлди.