Ўзбекистонлик йигит Пермдаги ЙТҲга учраган автобус ичидаги жабрланувчиларни қутқарди, деб хабар берди "Дарё".
Перм шаҳрида 17 август куни соат 17:00 атрофида 53-сонли автобус дўкон деворига урилиб, аварияга учради. ЙТҲ оқибатида бир киши ҳалок бўлди, 32 дан ортиқ киши жароҳатланди.
Жароҳатланганларга биринчилардан бўлиб ёрдам кўрсатган инсон боксчи Данил Йўлдошев. У ўша пайтда машғулотга кетаётганди. ЙТҲга учраган автобусни кўрган йигит жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш учун тўхтади. Автобуснинг эшиклари ёпилиб қолган, улар очилмас эди. Данил орқа эшикни тепиб синдириб, автобус ичига кирди ва одамларни ташқарига чиқара бошлади.
«Мен бу вазиятда ўзимни бошқача тута олмас эдим. Мени шундай тарбиялашган», — дейди Данил.
Автобус салонидаги йўловчиларнинг аксарияти жароҳатланган, уларнинг юзини ойна синиқлари кесиб кетган эди. Шунингдек, салонда қўрқув ва оғриқдан йиғлаётган болалар ҳам бор эди.
Йўлдошев кўчадаги машиналарни тўхтатиб, одамларни касалхонага олиб боришни сўради.
Тез тиббий ёрдам бригадаси келганида эса у тиббиёт ходимларига жабрланувчиларни машинага ортишга кўмаклашди.
Данил Йўлдошев Пермга Тошкентдан борган. У Россияда мактаб ва техникумни тамомлаган. Ҳозирги кунда клубда қўриқчи бўлиб ишлайди.
Унинг қариндошлари Ўзбекистонда яшайди. Данил жабрланганларга кўрсатган ёрдами учун мукофотланиши мумкин.