Косон тумани “Мустақиллик” кўчасида янги инновацион лойиҳа асосида “Хавфсиз пиёдалар йўлакчаси” қурилди. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилмоқда.
Ушбу пиёдалар йўлакчасига 50 ва 30 метр етмасдан шовқин чиқарувчи горизонтал паласалар барпо этилган. Бунинг учун йўл қопламаси 0,5 сантиметр қалинликда қириб олиниб, сариқ рангли кўндаланг қоплама қопланган бўлиб, улар ҳайдовчининг сергаклигини ошириш билан бирга йўлакчага яқинлашаётганидан огоҳ этади. Шунингдек, махсус қурилмалар пиёда йўлакка кириши билан ишга тушиб, ўта сезгир детекторлар ёрдамида йўлакка пиёда кираётганлиги тўғрисидаги огоҳлик сигналини ҳаракатланаётган пиёда тасвири акс этган йўл белгисига узатади. Ҳамда пиёда йўлакчадан ўтаётганида ўта сезгир детекторлар ёрдамида майин товушда “пиёдалар диққатига, эшитиш ва қўл телефонларидан фойдаланманг” деб йўлакчадан ўтаётган пиёдаларни қўл телефонидан фойдаланмасликка ундайди. Ушбу сигнал ҳайдовчиларни йўлакчада пиёда ҳаракатланаётганидан огоҳ этади.
Бундан ташқари йўлакчада узоқдан кўриниб турадиган оргпластик шиша материалдан тайёрланган вертикал йўналтиргич ўрнатилган бўлиб, тунда ёруғлик тарқатадиган светодиод ҳам жойлаштирилган. Йўлнинг қатнов қисмига чиқиш жойида иккитадан, пиёдалар йўлакчасида эса 4 тадан вертикал йўналтиргич қўйилган. Яшил ёритгичлар пиёдаларга йўналишни кўрсатади. Вертикал йўналтиргичлар йўлни кесиб ўтмоқчи бўлган пиёдаларга ўтиш нуқтаси ҳақида ахборот беради. Кундузги ва тунги вақтларда пиёда ва ҳайдовчиларга яхши кўриниб туради.