Ўзбекистонлик баъзи артистлар аввалги Мустақиллик байрамида куйшлаш учун таниш-билишларни ишга солгани хатто баъзи бир ҳолларда пора ҳам беришган. Бу ҳақда Мустақиллик ва Наврўз айёмларининг илк режиссёри, Ўзбекистон халқ артисти Рустам Ҳамидов ЎзА'га берган интервьюсида маълум қилган.
У ўз суҳбати давомида сўнгги пайтларда байрам концертлари бир хил қолипга тушиб қолгани, сценарий бир хил ёзилгани ҳақида айтган. Шунингдек, у ердаги таниш-билишчилик ҳақида ҳам айтиб ўтган.
- Баъзи бир артистлар байрамга чиқаман, деб, таниш-билиши орқали ҳаракат қилди. Маданият ва санъат соҳасига яқин бўлган баъзи раҳбарлар ҳаттоки пул, яъни пора, “чойпули” олиб, уларни олиб чиқишди. Каттароқ раҳбарлар ҳам аралашган эди бу ишга. Қўшиқларни эшитиб, мусиқаларни танлаётганимизда мен “Буниси бўлмайди, бунисининг овози йўқ, манавининг мусиқаси тўғри келмайди. Уларни қисқартирайлик, катта саҳнага олиб чиқмайлик”, дея эътироз билдирсам, ўша “катталар” “Ҳозирча тураверсин, кейин бир гап бўлар” дейишган. Мен қилган саралашни – раҳбарлар қилиши ўрнига, қайтанга уларнинг ўзи шунақа сифатсиз асарларни, талантсиз “санъаткорлар”ни тиқиштирган. Баъзан ҳатто “Бу – “юқори”дан, фалончининг топшириғи” дея айтишгача боришган, деган Ҳамидов.