Бу ҳақда Олий таълим вазирлиги хабар берди.
"Талабаларга тўловларни амалга оширишда қулайлик яратиш, аҳолининг кенг қатлами учун олий таълимнинг ҳаммабоплигини таъминлаш мақсадида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, тўлов-контракт қиймати миқдорлари икки хил кўринишда – “стипендияли” ва “стипендиясиз” этиб белгиланди.
Стипендиясиз қиймат миқдорлари, ҳар ойлик талабага тўланиши белгиланаётган 400 000 сўм, бир йилда жами 4 800 000 сўмни чегириб ташлаш ҳисобига шакллантирилади.
Мисол учун, бакалавриатнинг Гуманитар фанлар, Педагогика, Техника, Қишлоқ ва сув хўжалиги таълим йўналишлари бўйича тўлов-контракт асосида таҳсил оладиган талабалар (жами талабаларнинг қарийб 80 фоизи) 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб, қуйидаги тартибда тўловларни амалга ошириши мумкин:
Стипендия билан – 10 792 960 сўм (Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорига нисбатан 17 баробарида);
Стипендиясиз – 5 992 960 сўм (10 792 960 сўм - 4 800 000 сўм).
Бундан ташқари, аҳолига тўловларни амалга оширишда енгиллик яратиш мақсадида контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари тўлов муддатларини узайтириш ваколатига эга бўлади, дейилади вазирлик ахборотида.