“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ва Тошкент метрополитени Ўзбекистонда илк бор ўтказилаётган Европа мобиллик ҳафталиги доирасида 19 сентябрда Бепул метро куни учун кўнгилочар дастур тайёрлади. Бу ҳақда Темир йўл ташувчиси Матбуот хизмати хабар қилди.
Шу куни “Ойбек” ва “Мингўрик” станциялари ўртасида 8:00 да театр-мусиқий саҳна намойиш этилади. 17:00 дан 19:00 га қадар симфоник оркестр чиқиши ташкил этилади.
Кун давомида Амир Темур хиёбони ва Юнус Ражабий станциялари ўртасида санъатшунослар ва камер торли квартет иштирокида расмлар галереяси ташкил этилади.
“Пахтакор” ва Алишер Навоий станциялари ўртасидаги ўтиш жойидаги вестибюлда ўтказиладиган фотокўргазмада Тошкент метрополитени тарихи ва ривожланишини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, станциялари ўртасида ҳаракатланувчи таркибларда 10:00—12:00ва 20:00—22:00 да флешмоблар ташкил этилади. Учта йўналишдаги станциялар ўртасидаги ҳаракатланувчи таркибларда рақс жамоалари чиқишлар қилади. Кўча мусиқачилари гитара, кахон ва саксафонда композициялар ижро этади, опера қўшиқчилари эса мусиқий флешмобнинг иккинчи қисмида чиқишлар қилади.
Болалар учун мимлар, иллюзиячилар ҳамда суперқаҳрамонлар ва мультқаҳрамонлар либосларидаги аниматорлар чиқишлари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, Европа мобиллик ҳафталиги доирасида 22 сентябрь куни Автомобилсиз кун ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Кун давомида Лутфий кўчаси шахсий автомобиллар учун ёпилиб, бу ерда кўнгилочар ва таълимий тадбирлар ўтказилади.