18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбарияти ва жамоаси, барча олий таълим муассасалари ректорлари, филиаллар директорлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони лойиҳаси муҳокама қилинган. Бу ҳақда "davletov.uz" хабар қилди.
5 соатлик тадбир жуда танқидий руҳда ўтган. Мажлисда Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети, Тошкент молия институти, Тошкент архитектура-қурилиш институти, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Фарғона давлат университети, Фарғона политехника институти ректорлари “коррупция, ички муҳитнинг бузилиши, гуруҳбозликларнинг авж олгани учун” ҳайфсон олган, жиддий огоҳлантирилган.
Мажлисда, шунингдек, Иқтисодиёт университети ва Молия институтининг ректордан бошқа барча раҳбарияти ишдан олингани маълум қилинган.