Фарғона шаҳар марказий шифохонасининг туғруқ бўлимида Нозимахон Аҳмаджонова эгизаклар – бир қиз ва икки ўғилни дунёга келтирди.
Аёлнинг турмуш ўртоғи Хуршидбек Иброҳимов ҳарбий хизматчи. Бухоро вилоятида фаолият юритиб келади. Ушбу оилада бир нафар ўғил фарзанд бор эди, эндиликда тўртта бўлди, дея хабар қилди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
Чақалоқларнинг отаси ҳарбий хизматчи бўлгани боис, буюк аждодларимиздек салоҳиятли ва жасоратли инсонлар бўлсин, деб яхши ният қилиб, эгизакларнинг энг каттасига Бибихоним, ўғил болаларга Амирбек ва Темурбек, деб исм қўйишди.
Туғилган уч нафар чақалоқнинг барчаси соғлом, малакали мутахассислар томонидан кўрикдан ўтказилди. Айни пайтда онага ҳам, чақалоқларга ҳам тажрибали шифокорлар назорати остида, малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дейилади хабарда.