Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева Instagram’даги саҳифасида опаси — Гулнора Каримованинг тақдирига оид саволга жавоб берди.
Хабар берилишича, Лола Каримованинг пости остида қолдирилган комментларнинг бирида қуйидагича савол берилган: «Ғалати саволим учун кечирасиз. Опангизга ачинмайсизми?».
Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда шарҳларга жавоб қайтаришни одат қилган Лола Каримова-Тиллаева опасининг тақдирига ҳамдард экани ҳақида ёзган: «Мен унинг тақдирига ҳамдардман. Унинг озод қилиниши масаласига ижобий таъсир кўрсата олмайман. Шубҳасиз, бу менинг хоҳишимга эмас, балки суд тизимига боғлиқ... Мен опам учун фақат дуо қила оламан».
Эслатиб ўтамиз, 2019 йил августида Бош прокуратура томонидан Гулнора Каримовага нисбатан яна учта ҳолат бўйича — давлат мулкини талон-торож қилиш, Ўзбекистон манфаатларига зид битимлар тузиш ҳамда ўзгаларнинг жуда кўп миқдордаги мулкини товламачилик йўли билан қўлга киритиш ҳолатлари юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган эди.