Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида яшовчи Жўраевлар хонадонида, бир йўла 4 нафар эгизак фарзанд дунёга келди. Ўтган йили турмуш қурган Шоира Жўраева Бекобод шаҳридаги фармацевтика заводида кичик ходим, Бекзод Жўраев эса Ўзбекистон металлургия комибинатида инженер, дея хабар қилди ССВ.
— Қувончимни, ҳаяжонимни ҳеч қандай сўз билан изоҳлай олмайман, — дейди бахтиёр она Шоира Жўраева. — Даставвал 4 нафар эгизак кутаётганимни эшитганимда ҳам хурсанд бўлдим, ҳам қўрқдим. Шифокорлардан миннатдорман. Мен билан елкама-елка туриб, яқин жигарларидек ғамхўрлик кўрсатишди. Фарзандларим эсон-омон туғилишида ёрдам беришди.
Ҳа, аёлга оналик бахтини ҳадя этиш ҳам машаққатли, ҳам шарафли. Бу йўлда Республика Перинатал марказида барча шароит яратилган бўлиб, ходимлар фидокорлик ва жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилишмоқда.
— Шоира Жўраева ҳомиладорликнинг бошланишидан турар жойидаги тиббиёт муассасасида назоратга олинган, — дейди марказнинг ҳомиладорлар патологияси бўлими бошлиғи, тиббиёт фанлари номзоди Дилфуза Ҳайитова. — Унда эрта туғруқ хавфи бўлгани учун август ойининг охирида Бекобод шаҳридан марказга ўтказилди. То туғруққача унга замонавий перенатал технологиялар бўйича барча ёрдам кўрсатилди. Шифокорларнинг тажрибаси сабаб эрта туғруқнинг олди олиниб, туғруқни 34 ҳафтага олиб боришга эришилди. Болаларни соғ-саломат она қўлига топшириш чора-тадбирларини белгилаш мақсадида одатдагидек марказ директори, ўринбосари ҳамда барча мутахассислар иштирокида туғруқ режаси тузилди. Туғруқ жараёни учун барча замонавий аппаратлар шай ҳолатга келтирилиб, 21 сентябр куни аёл жарроҳлиқ амалиётига режали равишда олинди.
Тиббиёт тарихида камдан-кам кузатиладиган кўп ҳомилали операцияларнинг асоратли эҳтимоли жуда кучли бўлади. Яъни бу жараёнда бачадондан қон кетиб, аёлнинг аҳволи оғирлашиши мумкин. Шу боис барча зарурий тайёргарликлар кўрилди. Ҳар бир болага тўлиқ тиббий ёрдам кўрсатиш учун алоҳида мутахассислар ва аппаратлар тайёрланди.
Шу тариқа акушер генеколог, неанотолог, реаниматолог, анистезиолог каби мутахассислардан таркиб топган ўн кишиданиборат малакали гуруҳ операцияда иштирок этди.Туғруқнинг асоратсиз ўтиши учун жарроҳлиқ амалиёти сўнгги перенатал технологиялар бўйича олиб борилди. Салкам бир соат давом этган жараёнда барча ходимлар бирдек жонбозлик кўрсатди. Операция муваффақиятли кечди. Ҳозирда чақалоқларнинг уч нафари интенсив болалар бўлимида. Бир нафарининг аҳволи эътиборталаб бўлгани учун чақалоқлар реанимацияси бўлимида кузатув ва интенсиз даволаш жараёнида.
Онанинг аҳволи анча яхши. У операция столидаёқ тўрт нафар боласи, яъни икки нафар ўғил ва икки нафар қизалоқни бағрига олди. Болаларни парваришлашда бевосита ўзи иштирок этмоқда. Бу кунни орзиқиб кутган оила аъзолари ҳам хурсанд. Нафақат улар, балки марказ шифокорлари ҳам гўдакларни она қўлига топширишда ҳисса қўшишганидан жуда хурсанд. Дарҳақиқат, меҳнат самарасини кўрганда ҳар қандай машаққатлар унутилади.