Миллий гвардия ходимлари бир ҳафта ичида ўзини сувга ташлаб жонига қасд қилмоқчи бўлганларнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Шундай ҳолатлардан бири 26 октябр куни соат 14:30 ларда Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида содир бўлди. У ерда Сирдарё дарёси устидаги кўприкдан ўзини ташламоқчи бўлган қиз тўхтатиб қолинган. Ундан ушбу ҳолатга нима сабаб бўлгани сўралганда мактабдаги бўлган воқеалар қизга ёмон таъсир қилгани ва шу сабабдан ҳам у ўзини сувга ташламоқчи бўлгани ҳақида айтган. Миллий гвардия ходимлари қизга керакли маслаҳатларни бериб унинг ота-онасига соғлом ҳолатда топширган.
Яна бир шунга ўхшаш ҳолат Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 28 октябр куни соат 15:30 да содир бўлган. У ерда Тошкент шаҳри Бектемир туманида яшовчи 1999 йилда туғилган фуқаро Г.Р. ўзини Чорбоғ-1 кўпригидан сувга ташлаб юборган. Буни кўрган Миллий гвардия ходимлари уни дарҳол сувдан олиб чиққан. Ҳозирда ушбу фуқаро Бўстонлиқ тумани Марказий касалхонасига чап оёқ суяги ёпиқ синиши ташхиси билан ётқизилган.