Хоразм вилояти Гурлан тумани истиқомат қилувчи Мансур Матжонов ва Ойша Матжоновалар оиласида 2017 йил 22 ноябрь куни туғилган уч эгизак — Шавкат, Миромон ва Мирзиё бир ёшга тўлди. Эгизаклар 22 ноябрь куни оила даврасида илк туғилган кунини нишонлади.
Мансур Матжоновнинг айтишича, у Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевга ҳавас қилиб, унинг шарафига эгизакларига шундай исм беришга қарор қилган.
Болалар дунёга келган вақтда оилага Президент совғаси етказилган.
«Учаласининг ҳам феъл-атвори бир хил. Бири касал бўлса, иккинчиси, учунчиси ҳам касал бўлади. Биттаси йиғласа, учаласи йиғлайди. Биринчи фарзандим ҳам ўғил, ҳозир у 4 ёшда. Битта бўлгани учун унга фақат онаси қарарди. Лекин уч эгизакка қарашнинг ўзига яраша қийинчиликлари бор экан. Кечаси биттаси уйғонса, бориб бошқасини уйғотади, кейин ўйнаб ўтиришади. Кечқурун уйқуга тўймай қоламиз, аммо болалар шундай ширинки чарчаганизни ҳам эсингиздан чиқариб юборасиз», — дейди болаларнинг отаси.
Болалар ҳозир «дада», «ота» дейишни билади. Бошқа сўзларни энди ўрганяпти. Шавкат ва Миромон эмаклаб ҳаракатланади, Мирзиё эса оёқда туришни ўрганиб олган.