Кунлар совиди. Электр ва газ етишмовчилиги янада сезиладиган бир давр бошланди. Шаҳардан ташқарида бўлсанг, ўтин, кўмир ва ҳатто тезак билан ҳам вазиятни бироз ўнглашинг мумкин. Лекин шаҳарда, кўп қаватли уйда — бу сал муаммо. Қорақалпоғистондаги шаҳарлардан бирида истиқомат қилувчи фуқаро интернет-нашрлардан бирига шундай мурожаат йўллаган:
«Туманимизда табиий газ билан боғлиқ муаммолар бор эди. Аммо 15 ноябрь куни газ бирдан кўтарилиб кетди. Сабабини билсак, ўша кунлари Президент Қорақалпоғистонга ташриф буюрган экан. 17 ноябрь куни давлатимиз раҳбари қайтиб кетди, газ беришнинг ҳолати яна ёмонлашди. Биз қишдан қандай чиқамиз, болаларимиз қандай чиқади? Биз шаҳарда турамиз, ўтин йўқ, кўмир йўқ».
Фақат Президент келган ва бўлган вақтдагина газни юқори босимда узатиш, электр таъминотини узлуксиз қилиб қўйиш — бу кўзбўямачилик. Президент Шавкат Мирзиёев кўзбўямачилик ҳақида шундай дейди: «Фақат Президент юрадиган жойни зўр қилиб қўйиш — халққа хиёнат».
Газни икки кун (Президент ўша ерда бўлиб турган вақт) давомида нормал бир кўринишда узата олибсизми — демак газни нормал узатиш имкони бор. Шундай экан, кўзбўямачилик қилманг, халққа хиёнат қилманг.