Сўнгги кунларда Ўзбекистонда ҳавонинг кескин совиб кетиши Пайариқ туманида яшовчи аҳолини қийнамоқда. Сабаби у ерда яшайдиган болалар мактабга бориш учун 7 км масофани пиёда босиб ўтишга мажбур бўляпти. Бу ҳақда EVERYDAY.UZ мухбири хабар қилди.
Мактабга етгунга қадар эса улар сув остида қолиб кетишлари ёки бўрилар ҳужумига учрашлари мумкин. Бундан эса ота-оналар ҳавотирда.
Маълум бўлишича тумандаги “Ғаллакор”қишлоғида мактаб бўлган, лекин кейинчалик у ишлашга яроқсиз деб бузиб ташланган. Қишлоқдан анча узоқ масофада янги мактаб қурилган. Бу аҳолига узоқлик қилмоқда.
Аҳолининг айтишича бу айниқса 1-синф болалари учун қийинчилик туғдирмоқда. Уларнинг маълум қилишича аввалги ҳоким ушбу муаммони бартараф этаман деб ваъда бериб, уни амалга оширмай кетган.
“(Болаларимни) бўри, қашқир еб қўядими деб кўчага чиқиб кутиб ўтираман. Сел келганда болалар кўприкнинг нариги томонида қолиб кетди, уларни мен эмаклаб ўтиб олиб келдим”, – дейди қишлоқ фуқаролари.
Туман ҳокимининг айтишича ушбу муаммони ҳал этиш учун молиявий томондан маблағ етишмаяпти.