25 ноябрь куни Термиз туман ҳокимлигининг саноатни ривожлантириш, коммуникация ва қурилиш бўйича бош мутахассиси Баҳодир Рустамов (исм-фамилияси ўзгартирилган) кам таъминланган фуқаро Муҳаббат Ақиевадан (исм-фамилияси ўзгартирилган) янги уй олиш учун рўйхатга қўйиш эвазига 300 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида қўлга олинди. Бу ҳақида Turon24 Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Сурхондарё вилояти бошқармаси матбуот хизмати хабарига асосан маълум қилди.
Муҳаббат Ақиева Термиз шаҳридаги Аму соҳили маҳалласида кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уч қаватли уйлардан битта хонадонни олиш учун ариза ёзган. Бунинг учун Термиз тумани ҳокимлигидаги мансабдор шахсга мурожаат қилган.
Мутасадди эса ундан рўйхатга киритиш эвазига 300 АҚШ доллари сўраган.
Баҳодир Рустамов мазкур уй қурилишида қатнашаётган хусусий корхона раҳбари орқали 300 АҚШ доллари ва фуқаронинг паспорти нусхасини олган вақтида туман ИИБ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.