Аввалроқ Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев ОАВга интервью бергани ҳақида хабар берган эдик.
Унда Саъдиев “Шайтанат” фильмининг яратилиш тарихи ва Ўзбекистонда “мафия” бор ёки йўқлиги хусусида гапирди.
Шунингдек, асардаги ҳамда кинодаги Асадбек иккиси бир-биридан фарқ қилиши таъкидланди. Одамлар Асадбекнинг жиноий фаолиятини мафияга таққослаб хато қилиши ҳақида сўз юритилди.
“Мафиянинг нима эканлигини кўпчилик билмайди. Мафия бизда йўқ. Бу кичкина бир жиноий тўда. Давлат билан биргаликда қилинадиган жиноий ишларни мафия дейилади. Бу эса Асадбекнинг кичкинагина жиноий тўдаси. Бундай қарасангиз бу жиноят қатағон йилларидан келиб чиққанини кўриш мумкин”, – дейди Саъдиев.
Шу билан бирга актер фильмнинг яратилишида собиқ Ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг ўрни ҳақида ҳам гапирди.
Алматов фильм яратилиши учун алоҳида “Қалқон” номли видеостудияни ташкил этиб берган ва унга эса Саъдиев бадиий раҳбар этиб тайинланган. Саъдиев фильмни яратишда ўзининг ҳам маблағи кетганинини, ҳозиргача фильмдан фойда олмаганини ва ундан мақсад фойда олиш бўлмаганлигини ҳам таъкидлади. Саъдиевнинг айтишича фильм СССР парчалангандан сўнг ушбу мавзуга қўл урилган илк сериал бўлган. Фақат “Шайтанат” суратга олингандан сўнг 2,5 йил ўтиб Россияда “Бригада” сериали суратга олингани ҳам айтилди.
“Собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовга беадат шукр. ”Шайтанат” фильми яратилиши ва “Қалқон”студиясининг ташкил этилишида бу одамнинг саъй ҳаракати катта. (Асарни) Ўқиганларидан кейин буни фильм қилиш керак дедилар. Шуни ўйлаб юрибман мен десам. Нима қилиш керак деб савол бердилар. Мен студия очиш керак дедим. У “келинг бизнинг ИИВда очамиз” дедилар. Шу таклифни берганлар ва 1998 йил 4 апрелда шу студия очилган”, – деди халқ артисти Ёдгор Саъдиев.