O’zLiDeP матбуот хизмати томонидан янги ташкил этилаётган авикомпания “Humo air” ва ушбу соҳадаги монополияга бағишлаб видеолавҳа тайёрланди. Унда фуқаролардан янги компания керакми ёки йўқ мазмунида фикрлар сўралди. Шунингдек, лавҳада мутахассислар фикри билан ҳам ўртоқлашилди.
Лавҳада Олий Мажлис Қонунчилик палатасига O’zLiDePдан сайланган депутат Нодир Жумаев мамлакатдаги монополия ҳақида гапирди.
У ўтган йили августда Японияга кетиш олдидан содир бўлган чипта билан боғлиқ муаммони ҳам эслади.
“Август ойида Япония молия вазирлигининг тавсиясига кўра Японияга боришга тўғри келди. Шунда чипта олгани борганимда билет тугаган дейишди. Қаттиқ илтимослар натижасида билет олишга муваффақ бўлинди. Самолётга чиққанимда 260 ўринли самолётда 40 киши учиб кетдик. Бу ҳам монополиянинг таъсири”, – деди депутат.