Саида Мирзиёева кеча, 25 феврал санасида «Ўзбегим аёли» фестивалида нутқ сўзлаб, ўз аммаси ҳақида гапирди.
Мирзиёеванинг айтишича, дадаси Шавкат Мирзиёев 9 ёшида онасидан ажралиб қолган. Бу пайтда унинг 12 ёшли опаси бўлган. Ўша аёл Президентни тарбиялаган.
“Ўқишга кириб, Самарқандга кетган пайтлари ҳам стипендияни ўзларига ишлатмай укалари, яъни дадам билан баҳам кўрганлар” – деди Мирзиёева.
Шунингдек, Мирзиёева аммаси ҳеч қачон «Мен қаҳрамонлик кўрсатяпман» деган гапни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганини айтди.
Президентнинг қизи ҳозирда ҳам аммаси билан муносабати жуда ажойиб эканлигини айтган.
“Бир-биримизга муҳаббатимиз чексиз. Ҳар бир чиқишим бўлса ёки бирор жойда муваффақиятга эришсам, телефон қиладилар ёки смс ёзиб қўядилар: «Болажоним, баракалла, сен билан ғурурланаман. Мен доим олдингдаман», дейди.
Куни кеча Дубайга форумга бордик. «Глобал аёллар форуми»да иштирок этганимда нутқ сўзладим. Форумдан кейин телефон бўлмади. Ҳайронман аммам нега жим ёки чиқишимни кўрмай қолдиларми ёки мазалари йўқмикин деб хавотирга тушиб қолдим. Йўқ, билсам агар «айфон»лари бузилиб қолибди. 65 ёшда бўлсалар ҳам айфонда ўтирадилар, ҳар доим телефон қилиб ёки ёзиб қўядилар, ҳар куни гаплашиб турамиз...” – дейди Саида Мирзиёева.