Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров аёлларнинг иш вақтини 16:00 гача қисқартиришни таклиф этмоқда, дея хабар қилмоқда EVERYDAY.UZ мухбири.
- Аёлсиз оилани мустаҳкамлаш мумкин эмас, - дейди депутат. Оилалар бузилиб кетилишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда аёлларнинг меҳнат қилиш фаолиятини белгиловчи нормаларга ўзгартириш киритиш зарур. Масалан, аёлларнинг иш вақти соат 16.00 да тугатилиши керак. Шунда аёл фарзандлари ва умр йўлдоши учун вақт ажратади. Бу эса ўз ўрнида оиладаги эр-хотин, она-бола муносабатларида ижобий муҳитни юзага келтиради.
Замонавий оила дунёвий ва диний билимларга эга бўлган аёл атрофида қурилиши керак. У нафақат жамиятга ҳалол ва соғлом фуқарони тарбиялаб беради, балки самарали меҳнатга тайёр, хотиржам, Ватан тараққиётини таъминлаши керак бўлган ходимни ҳам вазифасига кузатиб қўяди. Мамлакатимиз ривожини фаровон оиласиз тасаввур қилиб бўлмаганидек, фаровон оилани оқила ва мукаррам онасиз ҳам тасаввур қилиб бўлмайди.
Депутатнинг фикрича, бугун оиланинг пойдевори ҳисобланган аёлларнинг салмоқли қисми фаол, меҳнат шартномаси билан корхона ва ташкилотларга боғланган. Улар иш вақти якунланмасидан оиласига қайтолмайди. Оилада она бўлмаслиги оила пойдеворини дарз кетишига олиб келади. Болалар мактабдан қайтиб, уларга “туҳфа қилинган” эркинликдан билганларидек фойдаланадилар. Ота билан деярли бир пайтда келган она ҳам дам олишга бирдек ҳақли. Муносабатлар инқирози секин-аста оиланинг инқирозига олиб келади. Афсуски, айнан шу ҳолат 55 фоиз оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.
Маълумот учун, депутат Алишер Қодиров Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси ҳисобланади.