На ҳоким, на унинг вакиллари келди: Нукусда 2 ҳафтадан бери балконсиз яшаётганлар мутасаддилардан кўмак кутмоқда

На ҳоким, на унинг вакиллари келди:  Нукусда 2 ҳафтадан бери балконсиз яшаётганлар мутасаддилардан кўмак кутмоқда
2018 йилнинг 20 ноябрь Нукус шаҳрида газ босими кўтарилиб, Кўкўзак маҳалласидаги 12-“Б” уйнинг 10-хонадонидаги қозонхона портлаб кетган. Натижада хонадоннинг балкони қулаб тушган. Бу ҳақида уй эгаси Ниятбой Шахмарданов Turon24'га маълум қилди.

“20 ноябрь куни соат 15:20 да газ босими кўтарилиши натижасида хонадонимдаги газ ўлчагичга газ сиғмаган, қозонхона портлаганда иккита балкон қулаб тушди, – дейди Ниятбой Шахмарданов. – Ўша куни уйимизда ҳеч ким бўлмаган. Мен ишда эдим, қўшниларим телефон қилиб чақиришди. Одатда уйда кичкина қизим қоларди. Ўша куни бахтимизга у тўгаракка кетган экан. Ҳеч кимга зарар етмади. Икки ҳафта бўлаяптики, қозонхонани таъмирлаб беришмаяпти. Уйимнинг иситиш қувурлари узиб қўйилган, уй деворлари очиқ бўлгани учун хоналаримизда елвизак бўлмоқда”.

“Қорақалпоғистонгаз”нинг Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўлими мутасаддилари Ниятбой Шахмардановга уйнинг хавфсизлик даражасини аниқловчи ускуна йўқлигини, уни Тошкентдан олиб келишга ҳокимият рухсати кераклигини айтишган.

Ҳодиса юз берган кўп қаватли уйда яшовчи Жанат Кўптенованинг айтишича, уйининг мўриси ҳам узилиб тушган: “Менинг ҳам уйимда иситиш тизими ишламаяпти. Уйимнинг девори, шифтларига ёриқлар тушган. Бу уйда яшаш қанчалик хавфли-хавфсизлигини билмайман. Тезроқ ёрдам кўрсатишса, яхши бўларди”.

Уйнинг 3-қаватида яшовчи Замира Мамбетшарипова ҳам мўриси қулаб тушганлиги туфайли иситиш тизими ўчириб қўйилгани, совуқ кунлар яқинлиги сабаб хавотирда эканини билдирди.

“Газ босими кўтарилиб кетиб 200 га яқин хонадоннинг газ ўлчагичлари, жўмраклари ишдан чиқди. 12-"Б” уйдаги 10-хонадоннинг балкони қулаши натижасида учта хонадоннинг иситиш тизими узиб қўйилди, – дейди Кўкўзак маҳалласи раиси Нигор Машарипова. – 20 ноябрдан кейин бир ҳафта давомида ҳеч ким вазиятни ўрганмади. Фақат 29 ноябрь куни “Қорақалпоғистонгаз”дан мутахассислар келишди, лекин қандай ёрдам кўрсатилиши бўйича ҳеч ким аниқ фикр айтмаяпти”.

“Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти “Қорақалпоғистонгаз” филиалининг Меҳнатни муҳоза қилиш ва хавфсизлик техникаси бўлими бошлиғи Қувват Худайбергенов нима сабабдан амалий чоралар кўрилмаётганини қуйидагича изоҳлади:

“Биз доим “Урганчгазтранс” орқали газ оламиз. Улар юборилаётган газ босими бўйича бизга маълумот бериб туришарди. Бироқ 20 ноябрь куни хабар бермасдан юқори босимли газ юборишди. Натижада Нукус шаҳрида фавқулодда вазият юзага келди. Биз қозонхоналарни ўрнатишга масъулмиз. Янги қозонхона ўрнатиб беришимиз мумкин, лекин уйнинг хавфсизлик ҳолатини аниқлашимиз керак. Чунки деворларида ёриқлар бор, қозонхона ўрнатиш жараёнига чидамлилигини текшириш зарур. Текшириш учун ҳокимият томонидан назорат гуруҳи тузилиб, хулоса берилса, биз ўрнатиб беришга тайёрмиз. Лекин Нукус шаҳар ҳокимияти ишни чўзаяпти”.

“Қорақалпоғистонгаз” филиалининг Нукус шаҳар газ таъминоти участкаси бошлиғи Борлиқбой Пирниязов ушбу ҳолат юзасидан фикр билдира олмаслигини, вазият ўрганилаётганини айтди.

“Ўзтрансгаз” бизнинг тасарруфимиздаги ташкилот эмаски, биз уларга айтиб, “Қорақалпоғистонгаз”га ускуна олдириб берсак. “Қорақалпоғистонгаз”нинг ўзи вазиятни чигаллаштираяпти, ускунани самолётда олиб келса ҳам бўларди", – деди Нукус шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мадияр Ерназаров.

“Ҳар жума ҳокимнинг қабул куни, 30 ноябрь куни 12-"Б" уйда яшовчилар Нукус шаҳар ҳокими Парахат Турешовнинг қабулида бўлдик, – дейди фуқаро Марат Пирманов. – Жуқорғи Кенгес томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, вазият ўрганила бошланибди. Лекин қачон амалий ёрдам кўрсатилишини аниқ айтмади”.

Марат Пирмановнинг қўшимча қилишича, ҳоким қабулдан сўнг ҳолатни яна бир кўздан кечиришга бораман деган. Аммо на ҳокимнинг ўзи, на унинг вакилларидан дарак бўлган. Фақат Қурилиш вазирлиги мутахассислари иштирокида маҳалла фуқаролар йиғини биносида йиғилиш ўтказилган. Унда ҳам аниқ режалар айтилмаган.

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликка фикр ёзиш чоп этилган кундан 30 кун ичида мумкин.

Сўнгги янгиликлар

Самарқанд давлат университети битирувчилари дунёнинг топ-100 талик университетида магистратурани давом эттиради…

2022 йил Самарқанд давлат университети Италиянинг Болонья университети билан ҳамкорлик меморандумини имзолаган эди. Унга кўра СамДУ...
6-12-2024, 11:20

Самарқанд давлат университети Хитойдаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни давом эттиради…

Самарқанд давлат университетига Шенси провинциясининг (Хитой) Бош прокурори Ван Юн бошчилигидаги делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар билан...
4-12-2024, 09:27

Ватан ва Виждон

Инсонга ота-онани ва Ватанни танлаш имконияти берилмаган. Дунёга келган ва киндик қонимиз тўкилган манзил Ватан ҳисобланади. Худди,...
3-12-2024, 08:58

Айрим тадбиркорларга тўланган солиғининг бир қисми қайтариб берилади

Ҳукумат Қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, 2024-йил 1-октябрдан бошлаб туроператорлик ва меҳмонхона хизматларини кўрсатувчи...
29-11-2024, 12:34

Shimoliy poytaxt Oʻzbekistonlik sayyohlarni tashrif buyurishga taklif qiladi

Sankt-Peterburg dunyodagi eng goʻzal shaharlardan biri boʻlib, u oʻz mehmonlariga qiziqarli vaqt oʻtkazish uchun koʻplab variantlarni...
12-11-2024, 15:42
Ўзбекистон янгиликлари » Жамият » На ҳоким, на унинг вакиллари келди: Нукусда 2 ҳафтадан бери балконсиз яшаётганлар мутасаддилардан кўмак кутмоқда