Хабарингиз бор бугун вазир ОАВ орқали чиқиш қилиб Тошкент вилоятида фуқаро коронавирусни 52 кишига юқтиргани ҳақида маълум қилган эди. Ушбу хабар вазирликнинг расмий каналида ҳам эълон қилинди. Шундан сўнг Тошкент вилояти ҳокимлиги ушбу маълумот ёлғон эканини айтиб, раддия берди.
Ҳокимликнинг маълум қилишича, 6 апрел соат 19:00 ҳолатига кўра вилоятда 18 нафар фуқарода коронавирус аниқланган. Бу беморлар билан бирламчи контактга киришган 400 дан ортиқ фуқаро Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси, Қибрай туманидаги юқумли касалликлар шифохонаси ва Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида, шунингдек, айримлари уй шароитида карантинга олинган.
Вирусни юқтириб олган 18 нафар фуқаро эса Тошкентдаги Республика вирусология илмий текшириш институти ва Республика эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникаларида даволанмоқда.