Хабарингиз бор бугун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган шахс 52 нафар фуқарога ҳам вирусни юқтирганини айтган эди. Шундан сўнг Тошкент вилоят ҳокимлиги телеграмдаги расмий каналида вазирнинг гапига раддия бериб кейин уни ўчириб ташлади.
Бугун Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазирнинг айтган гапи бўйича изоҳ берди ва Тошкент вилоятида вирусни юқтириб олганлар сонига аниқлик киритди.
"А. Шадманов томонидан бир шахс 52 нафар шахсга касалликни юқтиргани оғзаки англашилмовчилик бўлиб, касалликка чалинган шахс масъулиятсизлиги сабаб 52 нафар шахс билан яқин мулоқотга киришганлиги келтирилган", - дейилади вазирлик ахборотида.
Шунингдек, 2020 йил 6 апрел соат 12:00 ҳолатига кўра Тошкент вилоятида вирусни юқтирганлар сони 29 нафар бўлгани маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 457 нафарни ташкил этмоқда.